Президент мактабларида имтиҳонлар бошланди. Конкурс: 1 ўринга - 47 киши

Президент мактабларига имтиҳонлар бошланди, ҳужжат топширганлар жуда кўп - бир ўринга 47 киши тўғри келмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 июн – Sputnik. ​Тошкент, Наманган, Хива ва Нукус шаҳарларида президент мактабларига қабул қилиш имтиҳонларининг биринчи босқичи бошланди, деб хабар қилмоқда Халқ таълими вазирлиги. 

Имтиҳонларнинг саралаш босқичи 29 июнь - 2 июль кунлари бўлиб ўтади. Ариза топиширган ўқувчиларнинг 22051 нафари ўзбек тилида, 4847нафари қорақалпоқ тилида ва 621 нафар инглиз тилида имтиҳон топшириш истагини билдирган.

Президент мактабларида имтиҳонлар бошланди. Конкурс: 1 ўринга - 47 киши

Дастлабки босқичда (29 июнь - 2 июл) ўқувчилар математика фанидан имтиҳон топширади. Ўқувчиларга 30 та масалани ечиш учун 90 дақиқа вақт ажратилади. Имтиҳон саволлари Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши томонидан тайёрланган.

Ўқитувчилар ҳақида қонун ва президент мактаблари: ХТВнинг 2019 йил учун режалари қандай?

Саралаш имтиҳонлари натижаларига кўра асосий имтиҳонларда иштирок этадиган номзодлар аниқланади. Асосий имтиҳонлар мантиқий фикрлаш, мантиқ элементлари бўлган математика ва инглиз тили фани бўйича ташкил этилади. Асосий имтиҳонлар июль ойининг якунида бўлиб ўтилиши кутилмоқда.

Имтиҳоннинг барча жараёнларини Буюк Британиялик мутахассислар назорат қилади. Жавоблар текшириш учун Англияга юборилади ва натижалар 16 июль куни эълон қилинади, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Президент мактабларига ҳужжатларнинг қабул жараёни 2019 йилнинг 1 июнидан 22 июнь кунига қадар бўлиб ўтган эди. Шу вақт ичида 28 446 нафар номзод ҳужжат топширган бўлса, улардан 27 446 нафари кириш имтиҳонларининг саралаш босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Ўзбекистон ҳар бир ҳудудида президент мактаблари ташкил этилади

Ҳудудлар бўйича энг кўп – 7724 та ҳужжат Наманган вилоятидаги Президент мактабига келиб тушган. Қорақалпоғистонда 7456 та, Хоразмда 6503 та, Тошкент шаҳрида 5763 та ҳужжат қабул қилинган.

Энг кўп – 8727 та ариза 5-синф учун қабул қилинган. Энг паст кўрсаткич 10-синфлар орасида – 2350 та.

2019 йилда очилиши кутилаётган 4та президент мактабларининг ҳар бирига 144 нафар ўқувчини қабул қилинади. Ҳар бир синфда 24 нафар ўқувчи таҳсил олади.