Яқин икки ой ичида Тошкент Бош режаси тайёр бўлади

Тошкент шаҳар ҳокими охирги чиқишларининг бирида Тошкент Бош режаси май ойининг охирида тайёр бўлишини маълум қилган эди. Бироқ ваъда ваъдалигича қолди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июн - Sputnik. Тошкент шаҳар Бош режаси концепцияси яқин икки ой ичида тайёр бўлади, деди Қурилиш вазири ўринбосари Шухратхўжа Хашимов бугун чоршанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган шаҳарсозлик масалаларига бағишланган очиқ мулоқот давомида, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

"Янги Тошкент" бош режаси таклиф этилди

"Айни вақтда турк ва инглиз компаниялари мутахассислари Тошкент шаҳар Бош режаси концепцияси устида ишлашмоқда. Лекин шуни яхши тушунишларингизни истардимки, шаҳарни ривожлантириш концепциясини тасдиқламай туриб, Бош режани ҳаётга татбиқ этиш учун қабул қилиш - бу мураккаб масала, шу боисдан ҳам бугун концепция устида иш олиб борилмоқда. Ишлаб чиқилгандан кейин масъул мутахассислар жалб этилган ҳолда кўриб чиқилади ва шундан сўнг тасдиқланади. Бир-икки ой ичида бу концепция тайёр бўлади", - деди Хашимов.

Қурилиш вазири ўринбосари шунингдек, республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг Бош схемаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемалари, аҳоли пунктларининг бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари устида жиддий иш олиб борилаётгани таъкидланди.