Суд собиқ бош прокурорни 10 йилга қамади

Ўзбекистон собиқ бош прокурори ва унинг 13 нафар шериклари устидан суд ҳукми ўқилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июн – Sputnik. Бугун Тошкент шаҳар жиноят ишлари судида Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодиров ва унинг шериклари, жами 13 нафар шахслар устидан айблов ҳукми эълон қилинди, деб хабар қилмоқда Олий суд матбуот хизмати.

Ўзбекистонда собиқ бош прокурор Рашид Қодиров устидан суд бошланди

Суд 2000 – 2015 йиллар давомида Ўзбекистон  бош прокурори бўлган Рашид Қоидровни ушбу даврларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида катта лавозимларида ишлаган М. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, А. Мусашайхов, У. Хуррамов, Ю. Гаипов, А. Мирзаев, М. Мирзаева, фуқаролар С. Косимов, А. Икрамов ва Х. Ахмеджанов билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб қуйидаги жиноятларда айбли деб топди:

  • пора олиш (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди),
  • пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди),
  • фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди),
  • солиқ ва мажбурий тўловлардан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми),
  • тергов ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми),
  • жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси)
  • бошқа ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятлар.

Олти ой давом этган, ва “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилди, икки юзга яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилинди.

Мирзиёев иккинчи бош прокурор ҳам нега ишдан олинганини айтди

Суднинг ҳукми билан Р. Кадировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима тўлаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, У. Суннатов 19 йилга, А. Мирзаев 15 йилга, У. Хуррамов 14 йилга, Ж. Файзиев 13 йилга, Л. Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 

Қолган судланувчиларга ҳам қилган қилмишларига яраша қонун доирасида жазолар тайинланиб, уларнинг барчаси қўшимча жазо тариқасида муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировнинг ўғли қидирувга берилди

Бундан ташқари, суд оғир ва ўта оғир жиноятлар учун судланган Р. Кадиров, М. Мирзаев, А. Мирзаев, Ж. Файзиев, У. Суннатов, Р. Пулатов, У. Хуррамов, Ю. Гаиповни (ЖКнинг 52-моддаси) махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ҳақида тақдимнома киритишга қарор қилди.

Судланганлар айбли деб топилган жиноятлари оқибатида етказилган моддий зарарлар, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида топширилган пул ва хатланган мол-мулклар ҳисобидан қопланиши белгиланди. 

Шунингдек, суд томонидан, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 298-моддасига асосан, жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига хусусий ажрим чиқарилди.

Суд ҳукми эълон қилингач раислик этувчи суд процесси иштирокчиларига ҳукмнинг мазмун-моҳиятини батафсил изоҳлаб бериб, шикоят қилиш муддатлари ва тартибини тушунтирди.