Итга нисбатан шафқатсизлик қилган фуқаро жазоланди

Маълум бўлишича, ит “ТОЗ-34” русумли ов қуроли билан отиб ўлдирган. Сўнг 39 ёшли Сергей Ч. итнинг гўштини овқат тайёрлаш мақсадида ажратиб олган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июн – Sputnik. Жониворга нисбатан шафқатсизлик факти акс этган видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгач, Тошкент шаҳар ИИББ текширув ўтказди.

Аниқланишича, итнинг эгаси Оқилжон И. таниши Икром Б.дан Оқилжонни гапига қараганда “қутуриб” вояга етмаган 16 ёшли Шуҳрат А. исмли қариндошини тишлаган алабай зотли итини отиб ўлдиришни сўраган. Аммо Шухрат А. шифокорга мурожаат қилмаган.

22-июнь куни Оқилжон И. ўз итини “Бектемир гўшт комбинати” МЧЖ ҳудудига олиб келган ва у ерда Икром Б. ўғли Чингиз Б.га “ТОЗ-34” русумли ов қуроли билан итни отиб ўлдирган. Сўнг 39 ёшли Сергей Ч. итнинг гўштини овқат тайёрлаш мақсадида ажратиб олган.   

Бўлиб ўтган воқеани уларнинг таниши бўлган Сардор Х. ўзига тегишли телефонга видеога олиб, инстаграмдаги саҳифасига жойлаган.

Итни отиб ўлдирган одамга нисбатан чора кўрилади – ИИББ

Оқилжон И. ва Икром Б. жониворга нисбатан шафқатсизлик қилганлик факти бўйича Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (“Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш”) суд томонидан айбдор деб топилиб, ҳар бирларига 405 460 сўм жарима солинди. 

Сергей Ч. Ўзбекистон  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддаси (“Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш”) бўйича 202 730 сўм жаримага тортилди.

Сардор Х. маъмурий суд томонидан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-1-моддаси (“Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш”) бўйича айбдор деб топилиб, унга нисбатан ЭКИҲнинг 50 баравари миқдорида, яъни 10 136 500 сўм жарима жазоси қўлланилди.

Ўзбекистонда ҳайвонларга озор берганлар учун жазо кучайтирилди

Бундан ташқари, ўқотар қурол ва ўқ-дориларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги сабабли, ўқотар қурол эгаси бўлмиш Чингиз Б.га нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 221-моддасида (“ўқотар қуролларни рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) муддатларини ёки уларни ҳисобдан ўтказдириб қўйиш қоидаларини бузиш”) кўрсатилган ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, Бектемир тумани маъмурий суди томонидан 67 576 сўм жарима белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқлар вентилятор олдида ётган итининг милтиқ билан отиб ўлдирилгани, бу ҳам етмагандек кейин пичоқ билан итнинг бошини кесиб олишини акс этган видео тарқалиб, бир зумда кўплаб кишиларнинг юрагини ларзага солган эди.