Расман: Ўзбекистонга ВДНХдаги павильон қайтарилмоқда

Тегишли битим Москва шаҳри мэрияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида имзоланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июн - Sputnik. Жорий йилнинг 24 июнь куни Россия пойтахти Москва шаҳри мэрияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида павильонни ва унга тегишли ер майдонини ижарага олиш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон ВДНХдаги павильонни ўзига қайтариб олмоқчи

Қайд этилишича, ўзаро мулоқот давомида Ўзбекистон павильонини қайта таъмирлаш ишлари билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Қайта таъмирлаш ишларини бажариш ва экспонатлар билан тўлдириш ишлари якунлангандан сўнг Ўзбекистон павильони тантанали очилиши кўзда тутилмоқда.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган МГИМО битирувчилари форумида Россия Маданият вазири Владимир Мединский ушбу павильон Ўзбекистонга фойдаланиш учун муддатсиз равишда топширилиши маълум қилди.

Павильон биноси 1950 йилларда Москвада кенг тарқалган “Сталин ампири” ҳамда ўзбек миллий меъморчилиги аралашмаси услубида қурилган. Ушбу павильон ўша вақтларда ВДНХнинг энг чиройли биноларидан бири бўлган ва санъат асари ҳисобланган, лекин кейинчалик 90 йилларда қаровсиз қолиб, анча зарар кўрган. 

ВДНХ боғидаги Ўзбекистон павильони реставрация қилинмоқда

2017 йилда павильон Москва шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига топширилганидан бошлаб у ерда кенг қамровли реставрация ишлари бошлаб юборилган. Реставраторлар ушбу павильонни асл ҳолатга келтиришга ҳаракат қилишмоқда.

Павильонда ўрнатилган 8та нақшинкор ёғоч эшиклар, павильон деворидаги безакли ромлар ҳам очилиши, павильоннинг ички кўриниши ҳам тўлиқ қайта тикланмоқда.

Павильон безатилган нақшларда ўзбек миллий услубидаги шакллар билан бир қаторда Совет иттифоқи рамзи бўлган беш қиррали юлдузлар ҳам жуда кўп учрайди. Ўша вақтдаги усталар миллий ва умумиттифоқ символларни маҳорат билан уйғунлаштирган. Реставрация қилинган павильон безакларида ҳам беш қиррали юлдузлар ўз жойида сақлаб қолинади