ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Тошкент Москва билан Ўзбекистонга Бутунроссия кўргазмалар маркази (ВВЦ) ҳудудидаги павильонни қайтариш масаласи бўйича иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов Федерация кенгаши қўмитасининг иқтисодий сиёсат бўйича раиси Дмитрий Мезенцев билан бўлган учрашувда маълум қилди.
“Биз ҳозир ташқи ишлар вазирлиги билан бизга ВДНХда павильон ажратиш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Агар ёдингизда бўлса, 66-сонли павильон Ўзбекистонга тегишли эди. Биз ҳозир реставрация қилиб, Ўзбекистон павильонини ишга тушириш учун уни қайтариб олмоқчимиз”, - дея Асадовнинг сўзларидан иқтибос келтиради РИА Новости. Элчи павильон чиройлиги, миллий анъаналарни инобатга олган ҳолда қурилганини таъкидлаб ўтди.
66-сонли павильон 1954 йилда архитектор Стефан Полупановнинг лойиҳаси бўйича қурилган. Павильон биноси ғўза шаклидаги элементлар билан безатилган ва ўзининг бетакрорлиги билан ажралиб турган.
Ҳозирда павильон реставрация қилинмоқда.