ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Бугун, 22 июнь куни Қўй-Тош қишлоғида Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг тарафдорлари йиғилиши бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди Sputnik Қирғизистон.
Тадбир Атамбаевнинг дала ҳовлисида ўтказилмоқда.
Хабарда айтилишича, дача ҳовлисидаги катта ўтовда Чуй вилоятининг турли қишлоқларидан келган 200га яқин киши тўпланган. Оқсоқоллар ва собиқ президентнинг яқин дўстлари мамлакатдаги сиёсий вазиятни муҳокама қилишга йиғилганлар.
Тўпланганлар навбатма-навбат микрофон қаршисига чиқиб, Атамбаевни қшллаб-қувватлашларини билдирмоқда. Йиғилганлар Жоқорғу Кенеш депутатлари фаолиятидан норози, дейилган хабарда.
Қирғизистон парламенти 13 июн куни махсус комиссияни ташкил этган ва у олиб борган иш якунида Атамбаев олтита жиноятга алоқадор бўлиши мумкинлиги баёнот қилинган. Мамлакат парламенти 20 июнь куни махсус комиссия хулосасини маъқуллаган ва ҳужжатни Бош прокуратурага йўллаган. Бош прокуратура етти кун давомида жиноий иш қўзғатилиши учун асос бор-йўқлигини аниқлаштириши керак. Агар прокуратура бор, деган хулосани берса, парламент Атамбаевдан дахлсизликни олиб ташлаш масаласини кўриб чиқади.
Маълум бўлишича, ушбу йиғилиш Алмазбек Атамбаев тарафдорлари ташаббуси билан ўтказилмоқда. Дала ҳовли ёнида милиционерлар йўқ бўлсада, Қўй-Тош қишлоғида кўплаб патрул машиналари ҳаракати кузатилмоқда, Атамбаев куч ишлатиш органлари ходимлари кузатувида эканлиги эҳтимолдан ҳоли эмас, деб ёзган нашр.