Ўзбекистоннинг қуруқликдаги порти: Навоий ЭИЗ бугуни ва келажаги ҳақида

Жорий йил февраль ойида "Навоий" ЭИЗга директор этиб тайинланган, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россия фуқароси - Ҳабиб Абдуллаев Sputnik мухбири билан суҳбатда  Ўзбекистоннинг қуруқликдаги порти бугуни ва келажаги ҳақида гапирди
Sputnik

Абдуллаев 1967 йил 6 июлда Москва шаҳрида туғилган. МГИМОнинг "Иқтисодиёт ва инвестициялаш" курсини тамомлаган. Москвадаги Рикор технопаркининг Бош директори. РФдаги ўзбек миллий-маданий автономияси раиси, "Ўзбегим" газетасининг нашриётчиси.

Россия Иқтисодий ривожланиш Вазирлигининг ОАЖ "Особые экономические зоны" резидентлари билан ишлаш бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлаган. РФ Нашриёт Вазирлиги корхоналарида, АФК "Система" ва бошқа ташкилотларда 25 йиллик раҳбарлик иш тажрибасига эга.

- Ҳабиб Пўлатович, феврал ойида сизга "Навоий" ЭИЗ бошқаруви ишониб топширилди. Таассуротларингиз қандай? Ва умуман, инвестиция киритиш жиҳатдан бугун Ўзбекистон ҳақида нима дея оласиз? У бизнес ташкил этиш учун қулай мамлакатга айландими? 

- Бу ерда ишлаш, албатта, қизиқ. Чунки, профессионал фаолиятингизда нимадир сизга боғлиқ бўлса, шундан яхшироқ мотивация бўлмаса керак ва бундай ҳолатда "тутаб" қолмайсиз. ИЭЗда ишлаш соҳасида маълум тажрибага эга бўлганим учун, кўплаб яхши лойиҳаларни ҳаётга татбиқ эта оламан, деб ўйлайман. Нега деганда, ҳозир шунга асос бўлаоладиган шарт-шароитлар яратилган.

Навоий вилоятида Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилади

Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳозир инвестициявий муҳит жуда қулай, шу боис, вазият шиддат билан ижобий томонга ўзгариб боради, деган фикрдаман. Кузатувларимиз ҳам тараққиёт жадал бораётганини кўрсатмоқда. Мисол учун, ҳаммага маълумки, бир неча йил ичида Ўзбекистон Doing Business рейтингида катта сакрашни амалга оширди ва бу ҳали бошланиши. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкин-ки, кўрсаткичлари энг яхши бўлган давлатлар 30талигидан ҳам ўрин олишимиз мумкин. Албатта, биз ўз кўрсаткичларимизни, позициямизни яхшилашимиз керак бўлган бошқа индекслар ҳам бор. Бу борада, маълумки, давлат раҳбарининг махсус фармони ҳам чиққан. Яъни биз бугун ўз олдимизга катта марраларни қўйганмиз.

Кўпинча, бирор рейтингга тушишга ҳаракат қилиш керакми, дейдиганлар ҳам топилади. Бу индекслар, рейтинглар - реал ҳолатни акс эттиради-ку. Агар реал ҳаётда яхши томонга ўзгаришлар йўқ экан, рейтингларда ҳам юқори поғоналарга кўтарилиш имкони бўлмайди. Рейтинглар бўйича ишлашимиз керак, бу муҳим. Чунки айнан шу ҳолат инвестициявий муҳитга ижобий таъсир кўрсатади ва шу орқали бизнес юритишда реал шарт-шароитлар ҳам яхшиланади. Албатта, бу комплекс вазифалардир. Ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш муайъан бир идорага боғлиқ эмас. Бунинг учун давлат ижро органи, қонун чиқарувчи орган ва суд ҳокимияти худдики зўр оркестр мисоли уйғун ҳолатда ишлаши керак. 

Айтмоқчиман-ки, ИЭЗдаги фаолиятни мамлакатда яратилган шарт-шароитлардан алоҳида олиб қараб бўлмайди. Агар мамлакатда инвестицион муҳит яхши бўлса, демак ИЭЗдаги иш ҳам анча самарали ташкил этилиши мумкин.

- "Навоий" ИЭЗдаги ҳолат ҳозир қандай? У қандай устуворликка эга?

- Агар "Навоий" эркин иқтисодий зонасини алоҳида "кейс" сифатида олиб қарайдиган бўлсак, албатта, унинг инвестициявий жозибадорлиги ниҳоятда катта, у алоҳида мақомга эга ва бу уни республикадаги бошқа ИЭЗлардан ажратиб туради. Хусусан, божхона ва солиқ тўловлари мисолида инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. "Навоий" ЭИЗга келадиган инвесторлар бугун "маош" солиқларидан ташқари ҳеч қандай солиқ тўламайдилар.  Улар божхона божлари ва божхона ҚҚСларидан ҳам озод этилган. Фақат ички бозордаги савдода улар ҚҚС тўлашлари керак бўлади.

Илғор технологиялар ва кенг имкониятлар: Ўзбекистондаги биринчи ЭИЗ ҳаётидан репортаж

ЭИЗ жозибадорлиги булар билан чегараланмайди. Масалан, инвестор лойиҳаси муайъан мезонларга мос бўлса (эскпортга, Ўзбекистонда импорт қилинаётган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга, инновацион ишлаб чиқариш ёки юқори технологияли ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлса), регионнинг қайси нуқтасида жойлашишидан қатъий назар унга ЭИЗ иштирокчиси мақоми берилади. Бу хом-ашё манбасига боғланган лойиҳалар учун катта аҳамиятга эга. Навоий вилояти фойдали қазилмаларга бой регион. Шундай экан, инвесторларнинг хом-ашё манбаига яқин бўлган ҳудудда - карьер ёки тоғ-конларда ўз ишлаб-чиқаришини ташкил этиш ва шу билан бирга ЭИЗ иштирокчиси сифатида имтиёзлар пакетига эга бўлиши - бу инқилобий ўзгариш. У мутлақо бошқача имкониятларга йўл очади.

Бундан ташқари, Навоий вилоятининг яна бир алоҳида хусусиятларидан бири, бу ерга келадиган инвесторлар малакали кадрлар муаммосига дуч келмайдилар. Вилоят даставвал саноат йўналишига ихтисослаштирилган бўлгани учун, кадрларни тайёрлаш тизими жиҳатдан у катта амалий тажрибага эга. Бу саноат типидаги инвесторлар учун аҳамиятли, албатта.

- Инвесторларни жалб қилиш масаласи кўтариладиган бўлса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар, дейлик Қозоғистон билан солиштириш бошланади ва бу масала кўпинча қизғин мунозараларга сабаб бўлади. Сиз бу борада қандай қикр билдирган бўлардингиз?

- Нима дейишим мумкин, тўғри, Қозоғистон ҳам инвестициялар учун жозибадор мамлакат. Лекин гап бу ерда бизнинг Қозоғистон билан инвестициялар учун кимўзар ўйнашимиз ҳақида эмас. Шунчаки, шундай лойиҳалар борки, ундаги мақсадларга кўпроқ Қозоғистон жойлашуви мос келади, худди шундай, Ўзбекистонда ташкил этилса, қулай бўладиган лойиҳалар бор. 

Мисол учун, "Навоий" ЭИЗнинг жўғрофий ва логистика жиҳатдан жойлашуви жуда қулай. Яъни, инвестор корхонани Навоийда жойлаштириб, бир йўла бешта давлат бозорига ўзига йўл очиши мумкин. Ва бу бизнинг энг катта устун жиҳатларимиздан биридир. Бу баландпарвоз гап эмас, лекин Навоий ҳақиқатан логистика маъносида, йўллар чорраҳасида жойлашган. Яъни, Ўзбекистоннинг шимолий туманларига, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон ва ўша, сиз айтган Қозоғистонга юкларни етказиб бериш маъносида ишлаб чиқаришни Навоий ҳудудида ташкил этиш - энг оптимал ечимлардан бири бўлади.

Ўзбекистоннинг қуруқликдаги порти: Навоий ЭИЗ бугуни ва келажаги ҳақида

Навоий - ўз жойлашуви жиҳатдан инвесторларга транспорт ҳаражатларини анча қисқартириб бериш имконига эга.

Шу ўринда, айтишим керак-ки, Навоийни Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг каттагина қисми ўтадиган "қуруқликдаги порт"га айлантириш қарори ҳам бежиз эмас. Унинг ноёб жойлашуви шу имкониятни бермоқда. Навоийда ажойиб аэропорт мавжуд, яқинда унинг негизида мультимодал марказ - яъни ўзига хос "транспорт хаб" ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Навоий - ўзига чегарадош бўлган давлатлар темир йўллари тармоғи билан бирлаштирилган. Яхшигина автомобил йўлларига эга. Буларнинг барчаси Навоий вилоятини ишлаб-чиқаришлар жойлашуви нуқтаи-назаридан жуда истиқболли жойга айлантиради.

Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш режасини тасдиқлади

- Инвесторлар ҳужжатларни расмийлаштириш борасида турли қоғозбозликларга дуч келиши, бюрократик тўсиқлар мавжуд-мавжуд эмаслиги борасида нима дея оласиз?

- Албатта, инвесторларга тўғридан-тўғри имтиёзлар берилишидан ташқари, бизнес юритилиши жараёнини осонлаштириш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Лицензия талаблари соддалаштирилган, ҳужжатларни тасдиқдан ўтказиш муддатлари қисқартирилган. Бюрократик тўсиқларга барҳам бериш жиҳатдан Ўзбекистон сўнгги йилларда катта муваффақиятларга эришди. 

- "Навоий" ЭИЗнинг Россия билан ҳамкорлиги қай даражада?

- Россия компаниялари эркин иқтисодий зонадаги энг фаол инвесторлардан ҳисобланади. РФ технологияларга бой давлат ва у Ўзбекистонда мавжуд жорий технологик муаммоларга тез, арзон ва таъсирчан ечимлар бера олади. Гап бу ерда тупроқ, сув сифати, энергетик технологиялар ҳақида бормоқда. Қолаверса, ҳозир талаб юқори бўлган махсус техникалар ҳам Россияда катта миқдорда ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистоннинг қуруқликдаги порти: Навоий ЭИЗ бугуни ва келажаги ҳақида

Россиялик ҳамкорлар билан 15та лойиҳа устида ишлаяпмиз. Хусусан, газ счётчиклари, норуда материалларни қайта ишлаш учун майдалаш машина(дробилка)ларни ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш сингари лойиҳалар шулар жумласидан. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг истиқболли ва Навоий вилоятида айнан Россия яқин келажакда биринчи рақамли шерикка айланиши мумкин.

Маълумот ўрнида: 2019 йилнинг 1 июнь ҳолатига "Навоий" ЭИЗ ҳудудида 44 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 191,2 млн. доллар (шундан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар - 56,4 млн. долл.) инвестиция киритилган.

Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига "Навоий" ЭИЗ ҳудудида 23 та тадбиркорлик субъектлари (шундан 15 таси қўшма корхона) томонидан қиймати 170,9 млн. доллар (шундан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар - 50,0 млн. долл.) бўлган 32 та лойиҳа амалга оширилган. Бунинг натижасида 2018 йил январь-декабрь ойлари давомида 916,5 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган (режага нисбатан 138,3%). 7,7 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинган ва 1,3 мингта иш  ўринлари ташкил қилинган.

"Татнефть" компанияси "Ангрен" ЭИЗда инвестицион лойиҳа амалга оширмоқчи

2019 йилнинг январ-май ойларида 505,1 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 баробар ўсишга эришилган. 9,5 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинган ва режалар ортиғи билан бажарилган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 3 та лойиҳа амалга оширилиб, натижада 2,9 млн. доллар инвестиция киритилган ва 28 та янги иш ўрни ташкил этилган.

Шу билан бирга, "Навоий" эркин иқтисодий зонасида 25 та тадбиркорлик субъектлари томонидан қиймати 126,6 млн. доллар (шундан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар - 35,1 млн. долл.) бўлган 25 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 280,7 млн. долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 82,3 млн. долларлик маҳсулотни экспорт қилиш ҳамда янги 1738 та иш  ўринлари ташкил қилиш кўзда тутилган.