Ўзбекистонда ўлим жазоси ўз самарасини бермаган - Йўлдошев коррупцияга қарши кураш ҳақида

Қайд этилишича, коррупциянинг олдини олиш учун қонунга ўзгаришлар ҳам киритилаяпти
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 июн - Sputnik. Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев жиноят қонунчилигига коррупцион жиноятлар учун фавқулодда жазо сифатида ўлим жазосини белгилаш билан коррупция ҳолатларига тўлиқ барҳам бериб бўлмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жиноят ишини “босди-босди” қилиш учун терговчига пора берган фуқаро қўлга олинди

"Қонунчилигимизда илгари ўлим жазоси қўллаш бор эди, қонунларни қўллашнинг узоқ йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, бундай қатиққўллигимиз шахсни кайта тарбиялашда самара бермаган, айрим ҳолатларда инсон ҳуқуқларини тузатиб бўлмайдиган даражадаги поймол этилишига ҳам олиб келгани учун бу амалиётдан воз кечилган, қонунчилигимиз бу йўлдан орқага қайтмайди», — деган Йўлдошев.

Бош прокурор ўринбосарининг қайд этишича, идора томонидан олиб борилаётган тарғиботлар мамлакат фуқаролари фикрида коррупцияга муросасизлик кайфиятини сингдириш, бундай жиноятларга жазо муқаррар деган дунёқарашни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Катта ёки кичик лавозимдаги мансабдорларнинг жиноятлари очиқланаётгани, улардан халқ хабардор қилинаётганининг асосий сабаби ҳам шу.

"Биз, давлат идоралари, халқимиз, шу жумладан, сиз (ОАВ) билан биргаликда, ўзбек жамиятини ичидан соғломлаштира олсаккина, ташқаридан бўлган хавф, яъни коррупцияни жиловлаш вазифаси натижа беради. Коррупцияга қарши курашда нафақат шу йўналишдаги Дастурнинг ўзи, балки Ўзбекистон Республикасининг Ривожланиш Стратегиясида кўзда тутилган ҳар бир Дастур, ҳар бир тадбир ўзининг самарасини бераяпти, уларнинг ўзаро боғлиқлиги намоён бўлаяпти", - деб таъкидлаган Йўлдошев.

Қайд этилишича, коррупциянинг олдини олиш учун қонунга ўзгаришлар ҳам киритилаяпти. Масалан, Жиноят кодексининг пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жиноий жавобгарлик кескин кучайтирилган, мазкур жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасидан ўта оғир турдаги жиноятлар тоифасига ўтказилган, уларнинг санкцияларида 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланиши кўзда тутилган.