ТОШКЕНТ, 16 июн – Sputnik. ВДНХ боғидаги Ўзбекистон павильони асл ҳолига келтирилмоқда, деб хабар қилди "Мир 24" телеканали.
Москва шаҳридаги ВДНХ боғидаги 66 павильон - собиқ СССР даврида Ўзбекистон павильони бўлган. Бу ерда Ўзбекистон халқ хўжалиги ютуқлари намойиш қилинган.
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган МГИМО битирувчилари форумида Россия Маданият вазири Владимир Мединский ушбу павильон Ўзбекистонга фойдаланиш учун муддатсиз равишда топширилиши хабар қилди.
Павильон биноси 1950 йилларда Москвада кенг тарқалган “Сталин ампири” ҳамда ўзбек миллий меъморчилиги аралашмаси услубида қурилган. Ушбу павильон ўша вақтларда ВДНХнинг энг чиройли биноларидан бири бўлган ва санъат асари ҳисобланган, лекин кейинчалик 90 йилларда қаровсиз қолиб анча зарар кўрган.
2017 йилда павильон Москва шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига топширилганидан бошлаб у ерда кенг қамровли реставрация ишлари бошлаб юборилган. Реставраторлар ушбу павильонни аутентик ҳолатга келтиришга ҳаракат қилишмоқда.
Павильонда ўрнатилган 8та нақшинкор ёғоч эшиклар, павильон деворидаги безакли ромлар ҳам очилиши, павильоннинг ички кўриниши ҳам тўлиқ қайта тикланмоқда.
Павильон безатилган нақшларда ўзбек миллий услубидаги шакллар билан бир қаторда Совет иттифоқи символи бўлган беш қиррали юлдузлар ҳам жуда кўп учрайди. Ўша вақтдаги усталар миллий ва умумиттифоқ символларни маҳорат билан уйғунлаштирган. Реставрация қилинган павильон безакларида ҳам беш қиррали юлдузлар ўз жойида сақлаб қолинади.
Қуйида “Мир 24” телеканалининг ушбу павильонда реставрация ишлари қандай олиб борилаётгани ҳақидаги репортажи билан танишинг.