ТОШКЕНТ, 12 июн - Sputnik. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари интернетдаги махсус саҳифалар ва инстаграм, телеграм, фейсбук каби ижтимоий тармоқларда реклама эълонларини жойлаштириш орқали даромад олаётганлар солиқ тўлашлари керакми деган саволга жавоб берди.
Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги телеграм каналида хабар берилди.
Хусусан, Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати вакили Музаффар-Юсуф Назаров "даромад олишга йўналтирилган ҳар қандай фаолият тури тадбиркорлик ҳисобланади", дея таъкидлаган.
"Қандай йўл билан даромад топишингизнинг аҳамияти йўқ. Давлат рўйхатидан ўтишингиз шарт. Агар сиз даромад топиш фаолияти билан шуғулланаётган бўлсангиз, ё якка тартибдаги тадбиркор сифатида ё юридик шахс сифатида албатта давлат рўйхатидан ўтган бўлишингиз керак".
Шунингдек, блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлар, персонал саҳифаларда реклама жойлаши ва шу йўл билан даромад орттиришига "ноқонуний фаолият" дея таъриф берилган.
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Айдос Қошановга кўра, қонунда блогерлик тушунчаси бўлмаса-да, лекин киши кимдандир пул олиб, хизмат кўрсатар экан, бу хизмат кўрсатиш эвазига ҳақ олиш ҳисобланади ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳолат сифатида қайд этилади. "Қонунда блогерлик тушунчаси мавжуд бўлмаса-да, хизмат кўрсатиш деган тушунча бор", - деган у.
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Аҳмаджон Суюнов ижтимоий тармоқда реклама жойлаб пул топаётган блогерлар патент, яъни якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида гувоҳнома олиши кераклигини таъкидлади.
Агар ижтимоий тармоқларда реклама орқали даромад кўраётган шахс давлатга солиқ тўламаса, ундан техника воситаси (телефон, ноутбук, планшет, компьютер) олиб қўйилиш мумкинлиги айтилди.
"Агар кимда-ким ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, биз ундан тадбиркорликни қандай восита орқали амалга ошираётган бўлса, ўша воситасини, жиҳозини олиб қўйишга тўлақонли ҳаққимиз бор. Бу қонун доирасида кафолатланган. Олиб қўйилган жиҳоз 30 кунгача ушлаб турилиши мумкин", - деб айтган Қошанов.
Таъкидланишича, шахс ёки блогер 30 кун ичида давлат рўйхатидан ўтса, олиб қўйилган жиҳозлари қайтариб берилади.
Мулоқотда қайд этилишича, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида электрон тижорат соҳасида солиқларнинг жорий этилиши кўзда тутилган ва у яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.