Ўзбекистоннинг энг яхши блогери мукофотга олган 15 млн сўмни нимага сарфлашини айтди

© Фаррух АлиевШахноза Турахужаева
Шахноза Турахужаева - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Тошкентда ниҳоясига етган Ўзбекистон блогерлари чемпионатида Шаҳноза Тўрахўжаева ғолибликни қўлга киритди

ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik, Шаҳноза Тўрабекова. Sputnik мухбири блогерлар чемпионати ғолиби билан учрашди.

Блогер деганда одатда кўп вақтини интернетда ўтказадиган инсон тушунилади. Бизнинг қаҳрамонимиз эса ундайларга асло ўхшамайди. Дарвоқе, чемпионат натижалари эълон қилинганидан кейин ижтимоий тармоқларда Шаҳнозанинг қандай қилиб чемпионатда пайдо бўлиб қолганию нима учун бош мукофот унга берилгани борасида мунозаралар ҳам бўлди.

Биринчидан, ўзбек тилида ёзадиган аёл муаллифни эътироф этишгани учун ташкилотчи ва ҳакамларга миннатдорлик билдиришимиз лозим, зеро бундай аёллар саноқли. Иккинчидан, Шаҳнозанинг шахсий саҳифасининг мавзуси ижтимоий муаммоларга бағишланган. Шунингдек, яна бир алоҳида саҳифаси – адабий блоги бор.

В Ташкенте наградили лучших блогеров республики. - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистоннинг энг яхши блогери 15 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланди

Чемпионатда айнан ижтимоий мавзудаги ижодий ишлар баҳоланди. Чемпионат 12 апрелда бошланди. Унда тўрт юзга яқин блогер иштирок этди. Блогерлар томонидан 470дан ортиқ пост тақдим этилди. Икки саралаш босқичидан  сўнг финалга 21 блогер етиб келди. Улар ўз ишларида таълим, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқий саводхонлик, экология ва бошқа соҳалардаги энг долзарб муаммоларни олиб чиқишди.

Шаҳноза маълумоти бўйича адабиётшунос-филолог. У нашриёт корхонасида ишлаган. Бундан ташқари, кўп йиллар давомида “Сўғдиёна” газетасида аёллар мавзусидаги рукнни олиб борган. "Чемпионатдаги биринчи постим аёллар ҳуқуқи, уларнинг қандай муаммолар билан тўқнаш келиши ва бу муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкинлигига бағишланганди. Замонавий жамиятда аёлларни улар аввалгидек эмас дея кўпчилик айблайди. Аммо мен барча муаммоларга бошқа тарафдан қарашга ҳаракат қилдим. Давлатимиз улар ҳақида қайғуради, турли ижтимоий тўловлар, алиментлар берилади. Аммо инсонга балиқ берсанг, уни еб қўяди, ўзини ўзи боқиши учун унга қармоқ бериш керак, деган гап бор. Ва бу қармоқ – билим, аёлларни ўқитиш керак, улар ёрдам ва ўзларига керакли маълумотларни олишлари учун марказлар очиш керак", — дейди Шаҳноза Тўрахўжаева.

Блогернинг айтишича, у мунтазам равишда ёзмайди, баъзан кунига икки-уч марта, баъзан эса ҳафтада бир марта ёзиши мумкин.

Шаҳнозага ғолиблик келтирган мақола эса ўзбекистонликларнинг энг оғриқли нуқталаридан бири ҳақида бўлиб, унда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун ҳаётий таклифлар берилган.

Шаҳнозадан ғолиблиги учун қўлга киритган 15 миллион сўмни нимага сарфламоқчи эканлигини сўрадим.

"Бу борада ҳар куни янги фикр пайдо бўлади. Аммо аниқ биламанки, китоблар билан боғлиқ ишга сарфлайман. Халқаро китоб кўргазмасига боришни ёки ўз китобимни нашр этишни истардим. Айтганча, тез орада биринчи китобим чоп этилади. Унда оилавий муаммолар ва уларни қандай қилиб ҳал этиш мумкинлиги ҳақида “Сўғдиёна” газетасида чоп этилган мақолаларим жамланган", — дейди Шаҳноза.

Қаҳрамонимизнинг барча орзулари амалга ошади деб умид қиламиз. Ўзбекистон блогерлари чемпионати эса мазкур мусобақада бундан кейин ҳам қатнашиш шарт эканлигини кўрсатиб берди.

Янгиликлар лентаси
0