ССВ: шифокорга куч ишлатганлик учун жазо кучайтирилиши лозим

Фуқаро шифокор ҳомиладор аёлни тиббий кўрикдан ўтказаётган бўлишига қарамай, боласини кўришини айтади. Ҳақоратли сўзлар билан пўписа қилиб, шифокорга таҳдид қилган ва ҳаттоки урмоқчи бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 июн – Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида шифокорга таҳдид қилингани тасвирланган видеога ўз муносабатини билдирди.

“Жамиятимизда фуқароларнинг шифокорларга тажовуз қилиш каби ҳолатларнинг кўпайиб кетаётганини ҳисобга олиб, ушбу иллатнинг олдини олишни энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зарур чоралар кўрилиши лозим, деб ҳисоблаймиз”, - дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова

Тиббиёт ходимларига қарши тажовуз учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

Аниқланишича, 2019 йил 16 январь куни соат 23:00 ларда Навоий вилояти Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимида шошилинч тиббий ёрдам бўлими навбатчи терапевт шифокори А.Э.га Навбаҳор туман “Арабхона” МФЙда яшовчи фуқаро И.Э 4 ойлик фарзандининг безовта бўлганлиги сабабли навбатсиз кириб келади. Шифокор А.Э. ҳомиладор аёлни тиббий кўрикдан ўтказаётган бўлишига қарамай, боласини кўришини айтади. Ҳақоратли сўзлар билан пўписа қилиб, шифокорга таҳдид қилган ва ҳаттоки урмоқчи бўлган. Шифокор А.Э. педиатр шифокор эмаслиги ҳамда педиатр шифокор бўлимда бошқа, оғир аҳволдаги болани тиббий кўрикдан ўтказаётганини тушунтиришга қарамай, фуқаро И. Э. жанжал қилган ва боласини шифокорларга кўрсатмасдан уйига олиб кетган. Бола бугунги кунда соғлом, режали эмлашларни ўз вақтида олиб келмоқда ҳамда ҳудуд шифокорларининг доимий назоратида турибди. 

ССВ юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, биргина Ресупублика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган уч ойи давомида 40 дан зиёд тиббиёт ходимларига бемор  ва бемор қариндошлари томонидан тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги калтакланган шифокор воқеасига муносабат билдирди

“Уларнинг аксарияти бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тегишли чоралар кўрилган бўлсада, ҳамон етарли чора кўрилмаган ҳолатлар ҳам мавжуд. Жумладан, Марказнинг Сурхондарё вилоят филиали педиатрия бўлимида шифокор Г.М.ни тиббий ёрдам кўрсатилаётган беморнинг онаси урган. Шунингдек, Хоразм вилоят филиалида 103 чақирувида бемор кўриги вақтида шифокор Т.Қ.ни беморнинг отаси маст ҳолда урган. Ҳар икки ҳолат бўйича тегишли органларга хабар берилган бўлса-да, ҳозирча чора кўрилгани йўқ. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин”, - дейди у.

Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан Навбаҳор туман ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 29 январида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига тиббиёт ходимига бемор ёки унинг қариндошлари томонидан тажовуз қилиш ёки тан жароҳати етказиш каби қилмишларни Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан квалификация қилиб, ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолашни белгилайдиган қонун лойиҳасини жойлаштирган эди.