ТОШКЕНТ, 5 июн - Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ Юнусобод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодиса юзасидан расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, кеча, 4 июнь куни Юнусобод туманининг 11-мавзеда “Нексия” автомобили ҳайдовчиси 42 ёшли аёл йўл четида бўлган 12 ёшли уч нафар ўсмирни босиб юборган.
ЙТҲ оқибатида ўсмирлардан бири воқеа жойида вафот этган. Иккинчи ўсмир олган жароҳатлари туфайли шифохонага ётқизилган. Шифокорлар унинг аҳволини барқарор деб баҳолашмоқда. Учинчи ўсмир эса амбулатор шароитида кўрикдан ўтказилган ва уйига жавоб берилган.
Хабарда қайд этилишича, ҳайдовчи воқеа жойидан кетиб қолмаган. У воқеа жойида қолиб, тергов ҳаракатларини ўтказишда фаол ёрдам кўрсатган. Аёлнинг сўзларига кўра, у газ ва тормоз педалларини адаштириб юборган.
Ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми (“Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса”) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу иш назоратга олингани, терговнинг қонунийлиги таъминланиши қўшимча қилинган. Дастлабки тергов натижаларига кўра, қонуний қарор қабул қилинади.
Аввалроқ Потребитель.уз гуруҳи фойдаланувчиси Михаил Ахпержаньянц қолдирган хабарга кўра, ЙТҲ оқибатида 12 ёшли бола воқеа жойида вафот этган, яна бир ўсмир жонлантириш бўлимида вафот этгани хабар қилинган эди.