Мирзиёев 575 нафар фуқарони афв этди

Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини чет эл фуқароси ташкил этади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида "Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Мирзиёев афв этган шахс: энди фақат ҳалол меҳнат қиламан

Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро афв этилди.

Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилади, шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини чет эл фуқароси ташкил этади.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.