"Мени ҳатто онам танимади": Булунғурда 10 кунлик келинчакни эри аёвсиз калтаклади

Эридан аёвсизларча калтак еган келинчакни қўшнилари касалхонага олиб боришган. Ички ишлар бўлимига олиб борилган зўравон эр у ердан бироз ўтиб қўйиб юборилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 май - Sputnik. Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи Зуҳра Умарова келинлигининг ўнинчи кунида эри томонидан аёвсиз калтакланиши оқибатида туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига тушди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Наманганлик эркак ўз хотинини чойнак билан уриб ўлдирди

Жабрдийданинг айтишича, машъум кеча эри "музқаймоқ олиб келиш" баҳонасида уйдан чиқиб кетиб, маст ҳолатда қайтиб келган ва жанжал бошлаб, уни шафқатсизларча калтаклаган.

Зуҳра эшик ичкаридан эри томонидан ёпиб қўйилгани туфайли қайнонаси унга ёрдамга келолмаганини айтади.

Ўлгудек саваланган ва ҳушини йўқотган ёш келинчак қўшни томонидан касалхонага олиб борилган.

"Мени ҳатто туққан онам танимади", - йиғлайди Зуҳра. Аёлнинг юзлари шишиб кетган, кўзлари қонталаш ва деярли очилмайди.

Келинчакнинг онаси эса куёви ички ишлар бўлинмасига олиб борилгач, бир оздан сўнг у ердан қўйиб юборилганини ҳикоя қилди. Ҳуқуқ муҳофазаси идораси остонасини тарк этаётган "куёв" шу ерда турган қайнонасини куракда турмайдиган сўзлар билан қаттиқ ҳақоратлаган.

"Мени ҳатто онам танимади": Булунғурда 10 кунлик келинчакни эри аёвсиз калтаклади

Зуҳранинг онаси шунингдек, ички ишлар органи ходимлари "қизингизни ўз пулингизга даволатинг, у оиладан пул сўраб юрманг, бўлмағур оила" дея маслаҳат беришганини қўшимча қилди.

"Ўзингизга қимматга тушади" деган сўзлардан сўнг она ўз жигарбандини ҳатто тиббий экспертизадан ҳам ўтказа олмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева Спутник мухбири билан суҳбатда "қўмита Ўзбекистон аёллари билан очиқ мулоқотни бошлагач, маиший зўравонлик масаласи мамлакатда қанчалик чуқур илдиз отганини тушунганини" айтган эди.

Ўзбекистонда бугун зўравонлик қурбонлари учун шелтерлар, яъни бошпаналар ташкил қилинмоқда. Зўравонлик қурбонлари бўлган аёллар учун 1146 қисқа ишонч рақами ишга туширилган бўлсада, шафқатсизлик қурбонига айланаётган аёлларнинг аксарияти бу ҳақда ҳатто билмайди.

Зуҳра Умарова Хотин-қизлар қўмитаси у билан юз берган ҳодисага беэътибор бўлмаслигига умид қилади.