Россияда фуқаро янги дин яратди - бу билан у нима демоқчи?

Нижний Новгородлик фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси учун бошига друшлаг кийган ва макарон осган ҳолда суратга тушди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 май – Sputnik. Нижний Новгород шаҳрида яшовчи Михаил Иосилевич исмли фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномасига бошига друшлаг (човли) ва қулоқларига макарон осган ҳолда суратга тушди, РИА Новости хабарига асосан.

Абдулазиз Камилов АҚШда дин эркинлиги масалаларини муҳокама қилади

Унга ҳайдовчилик гувоҳномаси берган Нижний Новгород ИИБ айтишига кўра, друшлаг ва макаронлар Михаилнинг диний мансублигини англатувчи белгилардир. Россия қонунчилигига кўра диний атрибутларда суратга тушиш таъқиқланмайди. Шунинг учун ҳам Михаилга ҳужжат бермаслик учун уларда ҳеч қандай расмий асос бўлмаган.  

Хабарда айтилишига кўра, Нижний Новгородда ҳақиқатдан ҳам “Учиб юрувчи макарон монстрлари ибодатхонаси” рўйхатдан ўтган ва ушбу черков уставида унинг руҳонийлари “бошларида човли ва қулоқларида макарон осиб юришлари” кераклиги ёзиб қўйилган.

Ишончсизлик туфайли оилани ҳатто дин ҳам қутқара олмайди: психолог ажрашишлар ҳақида

Михаилнинг ўзи айтишига кўра, бундай сурат билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш унчалик қийин бўлмаган. ГАИда ундан иккита қўшимча справка талаб қилишган холос: диний ташкилот рўйхатдан ўтганлиги ва друшлаг унинг расмий бош кийими эканлиги ҳақида.

Михаил, ташқи кўринишидан ҳазилкаш кўринсада, у аслида ушбу ишларни жуда жиддий мақсадда амалга оширмоқда. Унинг фикрига кўра, бугунги  кунда жамиятда диний қарашлар логикадан устун қўйилаётгани нотўғридир. Ўз ҳаракатлари билан Михаил буни исботлашга қасд қилган.

Хусусан, ўзининг энг сўнгги постларидан бирида Михаил Россия бош патриархи Кирилл учун давлат бюджетидан 3 миллиар рублга резиденция қурилаётганини кескин танқид қилиб чиққан.

“Россия қонунчилигида барча динлар давлат олдида бир хил дейилган. Демак Россия ҳукумати бош Имом, бош  Раввин ва мен бош Вискарий учун ҳам 3 миллиардлик резиденция қуриб бериши керак. Мен эса бунга қаршиман! Таълим, медицина ва пенсия учун пул етмаётган вақтда!!??”, - деб ёзади Михаил.

Ҳозир “Учиб юрувчи макарон монстрлари ибодатхонаси”га аъзо бўлишни истаганлар кун сайин кўпайиб бормоқда. Нижний Новгородда уларнинг сони 15 кишидан ошган.

Бу каби ҳолатлар дунё ОАВларида Пастафарианство деб аталади. Илк бор 2005 йилда АҚШнинг Канзас штатида пайдо бўлган эди. Бобби Хендерсон исмли фуқаро ҳукуматнинг мактабларда мажбурий диний дарс киритишига қарши ўз динини ташкил қилган ва бу билан ҳокимият қарорининг мантиқсиз эканлигини исботлашга ҳаракат қилган эди.

Россияда фуқаро янги дин яратди - бу билан у нима демоқчи?