ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Ўзбекистон ТИВ Кореяда комага тушиб қолган Абрам Оқилов соғлиғи тўғрисида маълумот берди.
ТИВ хабарига кўра, Ўзбекистон фуқароси Абрам Оқиловнинг соғлиги ҳолати уни даволаётган шифокорлар томонидан “барқарор” деб баҳоланмоқда. Айни пайтда беморнинг олдида бўлиб турган онаси, акаси ва синглисига уни аравачада касалхона ҳудудида сайр қилдиришларига шифокорлар томонидан рухсат берилган.
Хабарда қайд этилишича, элчихона, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонаси ҳамда адвокатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида суғурта компанияси ўзбекистонликнинг Жанубий Корея касалхонасида даволаниши билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш ва унинг меҳнатга лаёқатсиз бўлган даври учун компенсация тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган.
Дипломатик ваколатхона мазкур масалани назоратга олган ва беморга ғамхўрлик қилаётган қариндошлари билан доимий мулоқотда бўлиб турибди.
Абрам Оқилов Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали 2017-йилнинг ноябрида Жанубий Кореяга келган ва 2018-йилнинг 27-июль куни комага тушиб қолган.