ТОШКЕНТ, 23 май – Sputnik. Ички ишлар вазирлиги ЙПХ нозирлари учун тан-камералари (body-camera) етказиб берувчи компанияни танлади, деб хабар қилмоқда ИИВ.
Дастлабки босқичда ИИВ 15 та хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини ўрганиб чиқиб улардан 6 тасини танлаб олди. Булар Anico Kft, Infinecom LLC, SecureHouse, PolyTechnologies, Des Ltd, "Узэлектроаппарат-Электрощит" компаниялари маҳсулотлари эди.
Иш шароитида синовдан ўтказилганидан сўз Ички ишлар вазирлиги штаб-квартираси АҚШда бўлган Infinecom LLC компанияси маҳсулотини танлаб олди. Ушбу компания Ўзбекистон ҳуқуқни сақлаш органларига тана камералари, маълумотни сақлаш тизими ва Тошкент ИИББ мониторинг маркази учун ускуналар етказиб беради.
ЙХП ходимлари доимий тақиб юрадиган ушбу камералар ахборотни ёзиб олиш, сақлаш, аудио ва видео материалларни сақлаш ҳамда фавқулодда вазиятда ёрдам чақириш учун “тревога” тугмачасига эга бўлади.
Диспетчер эса, ЙПХ нарядлари турган жойини аниқлаш, камерага онлайн тартибда уланиш ҳамда ходимлар фаолиятини назорат қилиш имконига эга бўлади. Камераларга ёзиб олинган материалларни ўчириш ёки уларни ўзгартиришнинг иложи йўқ.
Инспекторлар хизмат вақтида камераларни фақат 5 дақиқа ҳамда тушлиқ вақтида ечиш ҳуқуқига эга бўлади. Барча ёзиб олинган видеолар махсус серверларда 1 ой давомида сақланади.
Infinecom LLC компаниясининг бош офиси АҚШнинг Теннеси штати Коллервилль шаҳрида жойлашган. Унинг ваколатхоналари Сингапур ва Ўзбекистонда бор. Компания 2011 йилда ташкил қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил бошида Шавкат Мирзиёев йўл-патрул хизмати ходимларини камералар билан жиҳозлаш ҳақида топшириқ берган эди.