Ўзбекистонликлар хорижий автомобилларга қанча пул сарфлагани маълум бўлди

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,1 баравар кўп.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 май - Sputnik. Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида енгил автомобиллар импорти 136,8 млн доллардан ошди. Бу Давлат статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларда келтириб ўтилган.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,1 баравар кўп. Таққослаш учун: 2018 йил давомида енгил автомобиллар импорти 319 миллион долларни ташкил этганди.

Хорижий автомобиллар импорти 2 баравар ошди

Январь-март ойларида мамлакатга 106,4 млн долларлик автомобиллар импорт қилинганди, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2,2 баравар кўп эди. 

Чет эл автомобиллари импортининг ўсиши айнан январь ойида қимматбаҳо хорижий машиналарни олиб кириш енгиллаштирилгани билан боғлиқ. Агар автомобиль 40 минг доллар ёки ундан қимматроқ турса ва ишлаб чиқарилган санасидан икки йил ўтмаган бўлса, унда унга ноль ставкали бож ва 20% акциз солиғи қўлланилади.