Саида Мирзиёева давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятини танқид остига олди

Унинг сўзларига кўра, давлат томонидан амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда. Бу эса текширилмаган ахборот, асоссиз миш-миш ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 май - Sputnik. Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятига доир фикрлари билан Facebook᾽даги саҳифасида бўлишди.

Саида Мирзиёевага таклифлар билдирилди

“Мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари ва хорижий амалиётни ўрганиб, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари матбуот хизматларининг фаолияти, афсуски, суст даражада қолаётганини қайд этишга мажбурмиз. Матбуот хизматларининг иши сустлиги ва кўпгина давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан мулоқот қилиш заруриятини англаб етмагани оқибатида мамлакатимиз аҳолисининг ислоҳотлар бориши тўғрисида хабардорлиги паст, уларни етарли даражада идрок этмаяпти ҳамда Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва тафсилотларини тўлалигича англамаяпти”, - дея ёзган Мирзиёева.

Унинг сўзларига кўра, давлат томонидан амалга оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда. 

“Оқибатда, бундай вазият текширилмаган ахборот, асоссиз миш-миш ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда, улар кенг тарқалиб, матбуот хизматлари томонидан муносабатсиз қолдирилган бир шароитда аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозилик келтириб чиқариши мумкин”, - дея қўшимча қилади у.

Агентлиги директори ўринбосари вазият матбуот хизматлари кадрлар салоҳияти чеклангани, уларнинг моддий-техник жиҳозланиши ва ходимлари малакаси даражаси пастлиги билан янада кескинлашганини қайд этган.

“Кўриб турганингиздек, олдимизда турган муаммо жиддий ва кенг қамровли. Ўйлайманки, бу амалдаги ҳужжатларга қўшимча равишда комплексли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этади”, - дея ёзади Мирзиёева.

У, хусусан, матбуот хизматларининг давлат органлари ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк сифатида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котиби мавқеини ошириш, мунтазам равишда малака ошириш курсларини ташкил этиш лозимлигини таъкидлаган.

Шунингдек, у бу борадаги ишлар бошлангани, жумладан, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ тузилганини маълум қилган.

Аввалроқ Саида Мирзиёева Facebook’даги ўқувчилари билан мулоқотининг илк якунларини сарҳисоб қилган эди.