Тошкентдаги МИФИ битирувчилари Ўзбекистон атом соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради

Сентябрь ойидан бошлаб МИФИ ЯМТУ илк талабаларни қабул қилади. Талабаларни ким ва нимага ўқитади? Олийгоҳ битирувчилари қаерда ишлайдилар? Тошкентдаги МИФИ ЯМТУ филиали раҳбари Юрий Маслов мана шулар ҳақида Sputnik мухбирига берган интервьюсида сўзлади.
Sputnik

2018 йил "Росатом" давлат корпорацияси ва Ўзбекистон ўртасида мамлакат ҳудудида АЭС қуриш бўйича битим имзоланган эди.

Сал ўтиб, Ўзбекистон Президенти, атом станцияси ва саноатнинг бошқа юқоритехнологик соҳалари ҳамда фундаментал тадқиқотлар учун илмий-техник ходимларни тайёрлаш мақсадида Тошкентда МИФИ ядро миллий тадқиқот университетининг филиалини очиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Сентябрь ойидан бошлаб МИФИ ЯМТУ илк талабаларни қабул қилади. Талабаларни ким ва нимага ўқитади? Олийгоҳ битирувчилари қаерда ишлайдилар? Тошкентдаги МИФИ ЯМТУ филиали раҳбари Юрий Маслов мана шулар ҳақида Sputnik мухбирига берган интервьюсида сўзлади.

Тошкентда атом технологиялари бўйича ахборот маркази очилди

- Юрий Александрович, талабаларнинг таълим жараёни қайси йўналишларда кечади?

- Филиал биринчи навбатда тўрт йўналишда бакалаврларни тайёрлайди. Бу ядро энергетикаси, ядро физикаси ва технологиялар, электр энергетика ва иссиқлик энергетикаси (атом станцияларда қўлланилади).

Тўрт йўналишнинг ҳар бирига 25 нафардан жами 100 нафар талаба қабул қилинади. 2019 йил биз фақат бакалавриатга талабаларни қабул қиламиз, бўлажак магистрларни эса Москвадаги МИФИ ЯМТУга ўқишга жўанатамиз. Лекин бир неча йилдан сўнг, филиалда бакалаврлар етишиб чиқгач, магистрлик дастурларини Тошкентда ҳам очиш режамизда бор.

- Филиалда кимлар дарс беради?

- Ҳам россиялик, ҳам ўзбекистонлик мутахассислар. Профил кафедралар ўқитувчилари филиалга Москвадан келади. Умумтаълим кафедралари ўқитувчиларини эса маҳаллий, ўзбек педагоглари орасидан саралаб олмоқдамиз. Биз филиалнинг профессор-ўқитувчилар таркибига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқдик, номзодларни махсус сўровнома ва суҳбатдан ўтказдик. Бир гуруҳ ўқитувчиларни саралаб олдик, улар тез орада аввалига Тошкентда, сўнгра Москвада ўз малакаларини оширадилар.

Тошкентдаги МИФИ битирувчилари Ўзбекистон атом соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради

Биз ҳозир биринчи босқич учун қабулни амалга оширяпмиз, бир йилдан сўнг бизга янги фанлардан ҳам ўқитувчилар керак бўлади. Шу боис, кадрларни қайта тайёрлаш ишлари билан яқин уч йилда – ҳам Тошкент, ҳам Москвада мунтазам шуғулланамиз.

Филиал учун таълим дастурлари бўлғуси битирувчиларимизнинг асосий иш берувчиси “Ўзатом” давлат корпорацияси иштирокида ишлаб чиқилган. Ўқитувчиларни саралаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлари эса “Росатом” ва “Ўзатом” иштирокида кечмоқда.

- Таълим қайси тилда кечади?

- Атом станцияси қурилиши ва техник ҳужжатчилик ишлари рус тилида олиб борилиши режалаштирилган. Шу боис, филиалда талабалар рус тилида таҳсил оладилар.

Ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети негизида тайёрлов курслари олиб борилмоқда, у ерда 108 киши тайёрланмоқда. Абитуриентлар рус тили, математика ва физикани ўрганишмоқда. Курс тингловчилари орасида икки бор сайёр тест ҳамда МИФИ ЯМТУ олимпиадаларини ўтказдик – буларнинг барчаси рус тилида бўлди.

Абитуриентлар рус тилидаги материалларни қабул қилишга тайёрликлари яққол кўзга ташланмоқда, улар яхши натижаларни кўрсатишмоқда. Тошкентлик иштирокчилардан бир нечтаси МИФИ ЯМТУ халқаро олимпиадалари совриндорларига айландилар, ҳатто.

Булардан ташқари, филиалнинг барча таълим дастурларида ўқув режага кўра талабаларнинг рус тилидаги билимларини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Тошкентдаги МИФИ битирувчилари Ўзбекистон атом соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради

- Сизлар Ўзбекистонда яшовчи Россия фуқароларини ҳам қабул қиласизларми?

- Қабул комиссияси низоми ва қабул кампанияси тўғрисида қабул қоидалари яқин кунларда тасдиқланади ва унда бу саволга ҳам жавоб бор. Ҳозирча, афсуски, бу саволга жавоб беришга тайёр эмасман.

Ўзбекистон фуқароларига келсак, бу ерда ҳаммаси тушунарли, улар грант асосида ўқишга қабул қилинади. Яъни ўзбекистонлик талабалар билан шартнома имзоланади, бу ҳужжатга кўра, улар ўқиш учун пул тўламайдилар, лекин университетни тамомлагач, “Ўзатом”га қарашли профил ташкилотларда ишлаб беришлари шарт бўлади. Бу Ўзбекистон Республикасида мавжуд грант асосидаги мақсадли таълимдир.

- Тошкентдаги лабораторияларнинг жиҳозланганлик даражаси Москвадаги университет талабига жавоб берадими?

- Жиҳозланиш даражаси энг яхши бўлади. У нафақат МИФИ ЯМТУ даражасига мос, балки ундан ҳам ортиқ бўлади, чунки биз ҳозирда энг замонавий жиҳозларни харид қиляпмиз.

- Қабул кампанияси қачондан бошланади?

- Қабул кампаниясига июнь бошида старт берилади. Тез орада ҳужжатларни топшириш ва натижалар эълон қилинадиган санани маълум қиламиз. Ўқишга қабул қилиш буйруғи қачон чиқиши муддати ҳам айтилади.

- Бу сизларга энг кучли абитуриентларни саралаб олишга имкон берадими?

- Ҳа, барча ҳаракатларимиз шунчаки қабул учун эмас, айнан саралаб олишга қаратилган. Шу учун ишлаяпмиз. Айнан шу мақсадда мактаб ўқувчилари орасида турли олимпиадаларни ўтказиб келяпмиз.

- Кириш имтиҳонлари қандай кечади?

- Тўрт мутахассисликнинг ҳар бирига рус тили, математика ва физикадан имтиҳон топшириш керак бўлади.

Тошкентдаги МИФИ битирувчилари Ўзбекистон атом соҳасини ривожлантиришга ёрдам беради

Барча дастурларнинг қисқача шарҳлари ҳаммага маълум. Яқин вақтда кириш имтиҳонлари дастурлари ҳам тайёрланади. Май-июнь ойларида Тошкентда, Самарқандда ва эҳтимол бошқа шаҳарларда МИФИ ЯМТУ ҳақида ҳикоя қилувчи консультациялар, сайёр лекциялар ўтказилади. Бунда филиалга энг яхши абитуриентларни жалб қилиш мақсадида қабул қоидалари, имтиҳонларга қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида сўзланади. Шунингдек, имтиҳонлар олдидан бевосита фанлар бўйича маслаҳат бериш режалаштирилган.

- Филиал кейинчалик қандай ривожланади?

- Яқин вақтда умумтаълим, сўнгра ихтисослаштирилган кафедраларни жиҳозлаш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, биз, Ядро физикаси институти билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Токи битирувчи курс талабалари у ерда амалиёт ўтасин. Атом станцияси ишга туширилишига яқин санада талабалар “Ўзатом” корхоналари, шу жумладан станциянинг ўзида амалиёт ўташлари режалаштирилган.

Бир неча йилдан сўнг, илк бакалавр битирувчилар пайдо бўлгач, эҳтимол, магистратура дастурлари очилади. Магистратура битирувчиларини филиал илмий-педагогик кадрларини тайёрлаш мақсадида МИФИ ЯМТУ аспирантурасига тавсия этамиз.

- Тошкентдаги МИФИ ЯМТУ битирувчилари қаерда ва ким бўлиб ишлайдилар?

- Битирувчиларимизнинг аксарияти, атом станциясида ва “Ўзатом”нинг бошқа корхоналарида ишлайдилар. “Ядро физикаси ва технологиялар” йўналишидаги битирувчиларнинг бир қисми Ядро физикаси институтида фаолият олиб боришади ва амалий ҳамда фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланадилар.

Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси директор тайинланди

- Янги бўлинмага раҳбарлик қилиш сизга қандай масъулият юклайди?

- Мен МИФИ ЯМТУни «Ядро реакторлари ва энергетик қурилмалар” мутахассислиги бўйича тамомлаб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилганман. Филиалга раҳбарлик қилиш – мен учун жуда масъулиятли иш, негаки, бугун республикада нафақат олийгоҳ, балки бутун бошли атом соҳаси нолдан бошлаб яратилмоқда. Атом станцияси сингари мураккаб объект фақатгина фойда келтириши ва эксплуатацияда хавфсиз бўлиши учун малакали кадрларни тайёрлаб бериш жуда муҳим.

Бизда таҳсил олишни истайдиган бўлғуси абитуриентларга янги, ўрганилмаган йўллардан боришдан ҳайиқмасликни маслаҳат берган бўлар эдим. Улар шу билан бирга ўта масъулиятли ва янги мақсадларни амалга оширишга тайёр бўлмоқлари лозим. Янги билимларга эга бўлиш учун кўп вақт ва куч сарфлаш керак бўлади, ва бу билимлар улар учун келажакда ўз Ватанлари равнақи йўлида жуда асқотади.