ТОШКЕНТ, 14 май – Sputnik. Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:
- умумий типдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисидаги;
- мактабгача таълим ташкилотларида қисқа муддатли гуруҳлар тўғрисидаги;
- кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ва қўшма типдаги мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисидаги;
- болаларни кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига ва қўшма типдаги мактабгача таълим ташкилотларига йўллаш бўйича тиббий-психологик-педагогик комиссия тўғрисидаги.
Қарорга кўра, 2019 йил 1 майдан бошлаб давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларининг, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимларининг лавозим маошларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.
2019 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ёрдамчиларининг, шунингдек, қўшма типдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўсишида жисмоний ёки руҳий нуқсонлар бўлган болаларга мўлжалланган гуруҳларда ишлайдиган тарбиячилар, педагог ходимлар ва тиббиёт ходимлари ёрдамчиларининг лавозим маошларига 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.