Тошкент ИИББ ҳайдовчиларни Рамазон ойида масжидларга жамоат транспортида келишга чақирди

Пойтахт ИИББ ҳайдовчиларни Рамазон ойида масжидларга жамоат транспортида келишга чақирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 май – Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ ҳайдовчиларни Рамазон ойида масжидларга жамоат транспортида келишга чақирди.

Рамазон ойини муносиб ўтказиш тўғрисида президент қарори эълон қилинди

"Сиздан муборак Рамазон ойида масжидларга келганда автотранспорт воситаларингизни масжид ёнида йўлни тўсган ҳолда қолдирмасдан, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва ИИББ томонидан ташкиллаштирилган жойларда қолдиришни сўраймиз. Имкон қадар шаҳар жамоат транспортлари хизматларидан фойдаланинг", — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон президенти қарори эълон қилинганди.

Қарор "миллий ва диний қадриятларга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юрт учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида" қабул қилинган.

2019 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 май кунига тўғри келиши айтиб ўтилган.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Нуроний" жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини ўзбек миллий анъана ва қадриятлари руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширади.