ТОШКЕНТ, 1 май - Sputnik. Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон президенти қарори эълон қилинди, деб хабар қилди ЎзА ахборот агентлиги.
Қарор "миллий ва диний қадриятларга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юрт учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида" қабул қилинган.
2019 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 май кунига тўғри келиши айтиб ўтилган.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Нуроний" жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини ўзбек миллий анъана ва қадриятлари руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширади.
Бунда жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжихат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга аҳамият берилади.
Шунингдек, мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёлар зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирлар янада кучайтирилади.