Ўзбекистон дўстлари кимлар? Мирзиёев шу ҳақда гапирди

Термизда Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси президент Шавкат Мирзиёев таклифи билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига сафари чоғида Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўстлари ким эканини айтиб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Сурхондарё вилоятига ҳоким тасдиқланди

Термиз шаҳрида Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси Мирзиёев таклифи билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган.

"Ҳақиқий аҳволни гапирган одам бизга дўст. Учрашувимиз ҳамма масалаларни жой жойига қўйиш бўйича фойдали бўлсин", - деди сессия давомида давлат раҳбари.

Президент фойдали қазилмаларга бой, уч мартагача ҳосил олса бўладиган табиий шароитга эга, аҳолиси меҳнатсевар Сурхондарё вилояти салоҳиятининг ҳали ўндан бири ҳам ишга солинмаганини қайд этди.

Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот мамлакат кўрсаткичидан 2,3 баробар, хизмат кўрсатиш 2 баробар, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш 8 баробар кам эканини кўрсатиб ўтилди. Вилоятда иқтисодий фаол аҳолининг 10 %и ишсиз, тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 54 % экани танқид қилинди. 

Мирзиёев сессия давомида чет элдан инвестиция олиб келиб, замонавий корхоналар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли ва маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.