Тошкентда 3 транспорт иштирокидаги ЙТҲда скутер ҳайдовчиси ҳалок бўлди

Скутер ҳайдовчисининг оралиқ масофани сақламаганлиги ЙТҲнинг дастлабки сабаби сифатида кўрилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 апр - Sputnik. 29 апрель куни Тошкент шаҳридаги Оҳангарон йўлида скутер, “Тико” автомобили ва 44-йўналишда ҳаракатланадиган автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида скутерни бошқарган 34 ёшли фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган.

Бухородаги мудҳиш ЙТҲда ёш она ва унинг бир ёшга тўлмаган қизалоғи ҳалок бўлди

Гувоҳларнинг ва “Тико” ва автобус ҳайдовчиларининг сўзларига кўра, скутер светафорнинг тақиқловчи қизил чироғига тўхтаган “Тико” машинаси билан тўқнашган ва бошқарувни йўқотиб, ўнг томонида ҳаракатланиб келаётган автобусга бориб урилган.

Скутер ҳайдовчисининг масофани сақламаганлиги ЙТҲнинг дастлабки сабаби сифатида кўрилмоқда.

Ҳозирда ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида, ичида мактаб ўқувчилари бўлган автобус бетон тўсиққа урилиб, ёниб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.