ТОШКЕНТ, 24 апр - Sputnik. Бухородаги мудҳиш ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди.
Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармасининг хабар қилишича, 23 апрель куни Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги Nexia русумли автомашинани Бухоро вилоятининг Ромитан тумани ҳудудидаги автомагистраль йўлида ҳайдаб кетаётган вақтда ўзидан олдинда ҳаракатланиб бораётган фуқаро бошқарувидаги “КАМАЗ” русумли юк автомашинаси орқа томонига урилиб, тўқнашув содир этган.
Натижада Nexia йўловчиси бўлган аёл жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган. Nexia᾽нинг қолган йўловчилари, аёлнинг турмуш ўртоғи ва 2019 йилда туғилган қизалоғи, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги касалхонага ётқизилган.
Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, қизалоқ вафот этган.
Шунингдек, Nexia ҳайдовчи ва йўловчисига касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда “Дамас” юк автомашинаси билан тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган эдик.