ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси совуқ сув янги нархи 2019 йилнинг 10 майидан амалга киритилиши лозимлиги тўғрисида “Сувсоз” ДУКга кўрсатма берди.
Бунинг сабаби “Сувсоз” ДУК томонидан Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонун талабларига амал қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 24 апрелдан совуқ сув нархи оширилиши ҳақида хабар 25 апрель куни пайдо бўлди.
““Сувсоз” ДУК томонидан Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва канализация хизмати тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш бўйича www.suvsoz.uz веб-сайт орқали 2019 йилнинг 25 апрелида истеъмолчиларга эълон берилганлигини инобатга олиб, амалга киритиладиган янги нарх (тариф, махсус устама)ларни мазкур эълон берилган санадан ўн беш кундан кейин, яъни 2019 йининг 10 майидан амалга киритилиши лозимлиги тўғрисида Қўмита томондан “Сувсоз” ДУКга тегишли кўрсатма берилганлиги маълум қилинади,” - дейилган қўмита хабарида.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарори талабларида янги нарх (тариф)лар табиий монополия субъектлари томонидан улар кучга киришидан камида ўн беш кун аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланган.
“Сувсоз” ДУК томонидан махсус устама нархлари юзасидан оммавий ахборот воситаларида эълон берилмай, “Тошкент оқшоми” газетасининг 2019 йил 9 апрелдаги 57-сонида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 2 апрелдаги “Тошкент шаҳрида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш тўғрисида”ги 499-сонли қарори чоп этилганлиги корхона томонидан эълон берилган деб ҳисобланилган.
Бу билан корхона томонидан Ўзбекистон Республикаси “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси талабларига амал қилинмаган.
Агар “Сувсоз” ДУК томонидан бажарилмаган тақдирда корхонага нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилади.