Мирзиёев Пекинда БМТ Бош котиби билан учрашди

Антониу Гутерриш Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш учун зарур барча кўмакни кўрсатишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 апр – Sputnik. Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Пекин шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Мирзиёев Самарқанддаги Марказий Осиё бўйича ва Тошкентдаги Афғонистон бўйича халқаро конференцияларни, Самарқанд шаҳрида ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ва бошқа тадбирларни шахсан қўллаб-қувватлагани учун Антониу Гутерришга миннатдорлик билдирган.

Ли Чжаньшу Шавкат Мирзиёевни Хитойнинг буюк ислоҳотчиси билан таққослади

Президент Бош котибнинг БМТни ислоҳ қилиш, халқаро хавфсизлик ва барқарорликни, изчил тараққиётни таъминлаш йўлидаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган қатъий ислоҳотларни фаол давом эттиришга хизмат қилишига умид билдирди. 

Таъкидланишича, БМТ Бош котиби Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, маънавият, таълим, экология, туризм каби соҳаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётганини қайд этган.

Антониу Гутерриш Мирзиёев раҳбарлигида Оролбўйида аҳоли турмуши сифати ва даражасини ошириш, замонавий уй-жой, ижтимоий инфратузилма ва саноат объектларини қуриш, умуман, Орол фоижасининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юксак баҳолади. Беш ой мобайнида Оролнинг қуриган тубидаги 500 минг гектардан ортиқ майдонда ҳимоя ўрмонзорлари экилди, 1,1 миллион гектар майдонда қум тутиш тизими яратилди.

Пекинда “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми бошланди

Хабарда ёзилишича, учрашувда жорий йил октябрь ойида Нукусда бўлиб ўтадиган Оролбўйида экологик инновация ва технологияларни ривожлантириш бўйича халқаро конференция якунида Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясига ушбу ҳудудни "Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди" сифатида эълон қилишга доир махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиқиши режалаштирилгани таъкидланган.

Суҳбат чоғида Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан ҳал этиш минтақада барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили экани таъкидланди. Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб этмоқда, ушбу мамлакат учун савдо, инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни илгари сурмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форуми расман очилишмаросими бўлиб ўтди.