ТОШКЕНТ, 22 апр – Sputnik. Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланишдаги асосий муаммолар президент қарори лойиҳасида санаб ўтилди. Ҳужжат лойиҳаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тайёрланди.
Ҳужжатда сув ресурсларини бошқаришда энг қуйи бўғинда сув истеъмолчиларига сув хўжалиги хизматини кўрсатишда, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этишда ўз ечимини кутаётган муаммолар санаб ўтилган:
“биринчидан, жойларда фермер хўжаликлари томонидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланилмаслиги оқибатида бундай “табиат инъомини” сарфлашда исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда;
иккинчидан, сув истеъмолчилари уюшмалари тасарруфидаги сув хўжалиги объектларининг (суғориш тармоғи, сувни бошқариш, ҳисобга олиш ва бошқа гидротехника иншоотлари) техник ҳолати, мелиоратив техникалар билан таъминланганлик даражаси қониқарсиз аҳволда;
учинчидан, сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун шартнома интизомига риоя қилинмаслиги, тўловларни ундирилиш даражасининг пастлиги, ишлаётган ходимларнинг малакасини бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги, ойлик иш ҳақларининг ўз вақтида тўланмаслиги улар фаолиятида кадрлар қўнимсизлиги ва иш сифатининг самарадорлигига салбий таъсир этмоқда”, - дейилган ҳужжат лойиҳасида.
Қарор лойиҳасида қайд этилишича, Сув хўжалиги вазирлиги таъсисчилигида “Сувхизмат” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилади.
Ҳужжатда баён этилишича, “Сувхизмат” МЧЖларининг асосий вазифалари:
- сув истеъмолчиларининг сув истеъмоли режаларини умумлаштириш, тасдиқланган сув олиш лимитлари бўйича сув билан таъминлаш, сувни оқилона бошқариш, кундалик мониторинги ва уларнинг ҳисоби ҳамда ҳисоботини юритиш;
- ўз ҳисобидаги суғориш тармоғи, сувни бошқариш, ҳисобга олиш ва бошқа гидротехника иншоотларини таъмирлаш-тиклаш, ишчи ҳолатда сақлаш ҳамда туман ирригация бўлими билан уларни белгиланган тартибда реконструкция ва модернизация қилишни ташкил қилиш;
- сувни бошқаришда босқичма-босқич инновацион услубларни жорий этиш, хизмат кўрсатиш ҳудудидаги сув истеъмолчиларига томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ҳамда сувни тежайдиган бошқа технологияларни жорий қилишда кўмаклашиш;
- сунъий сув объектларидаги сув олиш жойларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек сувни ҳисобга олиш воситаларини (гидропостларни) аттестациядан ўтказиш;
- вилоят мелиоратив экспедицияси билан биргаликда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ишларини ташкил қилиш;
- сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни белгиланган муддатларда ундириш чораларини кўриш.