Мун Чжэ Ин Шавкат Мирзиёевни Жанубий Кореяга таклиф этди

Шавкат Мирзиёев ҳамда Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин тор ва кенг доирада музокара ўтказди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин президент Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Жанубий Кореяга ташриф билан боришга таклиф этди.

Ўзбекистон давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, бу ҳақда Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлган тор ва кенг доирадаги музокаралар чоғида маълум қилган.

“Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ишончли ва устувор шериги. Мен 2017 йилги учрашувимизни мамнуният билан эслайман. Музокараларимиз самимий ва конструктив руҳда ўтган, салмоқли ҳужжатлар имзоланган эди. Бу кейинги йиллардаги ҳамкорлик ривожига асос бўлди. Сизнинг ушбу ташрифингиз давлатлараро муносабатларимизга янги импульс беради”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Корея Республикаси президенти Ўзбекистонга таклиф учун миннатдорлик билдирди.

“Ўзбекистон қадимий ва бой тарихга эга, Буюк ипак йўлининг маркази бўлган ўлка. Бугунги кунда мамлакатингиз ўз тараққиётининг янги эрасига қадам қўймоқда. Ўзбекистонни Жанубий Кореянинг савдо ва инвестициявий алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган “Янги шимолий сиёсат”ида муҳим ўрин тутувчи шерик деб биламиз. Сизнинг Сеулга ташрифингиз чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштиришга эришгандик. Бу сафар уни алоҳида стратегик даражасига кўтариш ниятидамиз”, – деди Мун Чжэ Ин.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро манфаатли йўналишларни топиш, “соатларни солиштириб олиш” мақсадида сиёсий мулоқот ва маслаҳатлашувларни фаол давом эттириш бўйича якдил фикр билдирилди. 

Савдо-иқтисодий алоқалардаги ўсиш суръатлари ижобий баҳоланиб, уни янада ошириш учун имкониятлар кўплиги қайд этилди. Шу мақсадда ҳуқуқий ва институционал инфратузилмани такомиллаштириш, турли даражадаги ташрифлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги учрашувларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Мун Чжэ Ин Шавкат Мирзиёевни Жанубий Кореяга таклиф этди

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Жанубий Корея Ўзбекистоннинг минтақада яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, Орол фожиаси оқибатларини камайтириш, Афғонистонда тинчлик жараёнига кўмаклашишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўзбекистон Корея Республикасининг Корея ярим оролида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтирилган тинчликсевар сиёсатини маъқуллади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида имзоланган ҳужжатлар рўйхати

Таъкидланишича, кенг доирадаги музокараларда асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилган

Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард доллардан ошиб, кейинги йиллардаги энг юқори кўрсаткич қайд этилган. 

Маълум бўлишича, мамлакатда кореялик инвесторлар иштирокида тузилган 660 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 354 таси юз фоиз хорижий сармоя ҳисобидан ташкил қилинган.

Ўзбек ва корейс халқлари азалдан яқин ва ўхшаш - Корея президенти

Мирзиёев барча соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Жанубий Корея президенти илғор тажрибалардан фойдаланиш ва кадрлар малакасини оширишга ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.