Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегараси демаркацияси бўйича ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланди

Самарқандда Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегараси демаркациясининг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини келишиш юзасидан икки давлат делегацияларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 апр – Sputnik. Жорий йилнинг 11-17-апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегараси демаркациясининг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини келишиш юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон делегацияларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарани белгилашга доир ҳуқуқий ҳужжат имзолашди

Қайд этилишича, музокаралар чоғида Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегараси демаркацияси бўйича норматив-техник ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланган ҳамда дала ишлари режа-графиги келишилган.

“Тадбир якунларига кўра Протокол имзоланди. Икки мамлакат делегацияларининг навбатдаги мажлиси май ойининг иккинчи ўн кунлигида Тожикистон ҳудудида бўлиб ўтади”, - дейилади хабарда.

Вазирлик хабарида учрашув дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтгани таъкидланган.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараси узунлиги 1,330 километрдан ортиқ. Бугунги кун ҳолатида  ушбу чегара чизиғининг 20% демаркация қилинмаган ҳолда қолмоқда.