Тошкентда директор қариндоши ўқувчиларни аёвсиз калтаклагани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

Бошланғич синф ўқитувчиси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ўқувчи онасининг аризасига кўра бошқа синфга ўтказилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 апр - Sputnik. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги айрим интернет нашрларида эълон қилинган Тошкентда директорнинг қариндоши ўқувчиларни аёвсиз калтаклагани ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берди.

Ота-оналарни хорижга ишлаш учун чиқишларини чеклаш ҳақида таклифи бўйича ХТВ изоҳ берди

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 19 мартида Учтепа туманидаги 245-умумтаълим мактабида ўқувчини синф раҳбари доскага чақирган. Ўқувчини жавобидан қаноатланмасдан танбеҳ бериб, унинг қўлига урган. Шу куни ўқувчининг онаси мактабнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарига фарзанди билан содир бўлган ҳолат юзасидан шикоят қилган.

"Мактабнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари синф раҳбари ва ўқувчининг онаси билан суҳбатлашган. Суҳбат якунида ўқувчининг онаси ушбу ҳолат юзасидан эътироз билдирмаслигини маълум қилиб, мактаб раҳбариятига бошқа мурожаат қилмаган", - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ўқувчининг бувиси ОАВга мурожаат қилиши натижасида содир бўлган воқеа кенг муҳокамага сабаб бўлади.

ХТВ содир бўлган ҳолат мактабнинг педагогик жамоаси ўртасида 2019 йилнинг 1 апрель куни ўтказилган ишлаб чиқариш йиғилишида муҳокама этилгани, бошланғич синф ўқитувчиси билан меҳнат шартномаси бекор қилингани, ўқувчи эса онасининг аризасига кўра бошқа синфга ўтказилганини маълум қилди.