Фазлиддин Ғоибназаров Шоҳжаҳон Эргашев мағлуб этган боксчига қарши рингга кўтарилади

Майкл Фокс жорий йилнинг 15 февраль куни ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашевга қарши рингга кўтарилиб, фаолиятидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 апр – Sputnik. Рио Олимпиадаси чемпиони, ўзбекистонлик профессионал боксчи Фазлиддин Ғоибназаровнинг навбатдаги рақиби аниқ бўлди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Фазлиддин Ғоибназаров: “Жангга ҳар томонлама тайёрман”

Маълум бўлишича, Ғоибназаров 11 май куни АҚШнинг Аризона штатида бўлиб ўтадиган баҳсда америкалик Майкл Фоксга қарши жанг олиб боради.

Майкл Фокс жорий йилнинг 15 февраль куни ўзбекистонлик Шоҳжаҳон Эргашевга қарши рингга кўтарилиб, фаолиятидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олган эди. Таъкидлаш жоиз, Фокс 20 жангидан қолган 19 тасида ғалаба қозонган.

“Биз бўлажак баҳсга жиддий ҳозирлик кўрмоқдамиз. Ҳали вақт бор, умид қиламанки, навбатдаги ғалабам билан барча бокс мухлисларини хушнуд этаман”, – деди Фазлиддин Ғоибназаров.

Эслатиб ўтамиз, Фазлиддин Ғоибназаров шу пайтгача профессионал боксда 7 бор жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган.