"Уй ўрнига, ғавғо сотиб олманг": Тошкент ҳокимлиги янги фириб тури ҳақида огоҳлантирди

Кўпқаватли янги турар-жойдан квартира харид қилаяпман, деб ўйлаган одамлар, аслида, якка тартибдаги уй-жойларни барпо этиш ҳуқуқига эга тадбиркордан бошпана харид қилган эдилар
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 апр - Sputnik. Апрель ойининг бошида Тошкент шаҳар ҳокимлигида қурувчи Муҳаммадбобур Хўжаев томонидан қурилган уйларнинг сифатига   бағишланган брифинг ўтказилди. Унда ОАВлари ва ушбу уйларда истиқомат қилувчи аҳоли иштирок этди.

Артикходжаев Юнусобод "райгаз" раҳбарини мажлис залидан нега қувиб юборди?

Икки соат давом этган йиғилишда тадбиркорнинг уйларини сотиб олган аҳоли нафақат яшаш жойлари ҳақидаги муаммоларни баён этган, балки ёрдам сўраб ҳам мурожаат қилган. Мутасаддилар аҳолининг ўнлаб  саволларига жавоб берар экан, бу уйлар фақат сифатсизгина эмас, балки яшаш учун яроқсиз эканлигини ҳам таъкидлаб ўтишган.

Масалани ҳаққоний ҳал этиш юзасидан судга даво аризаси билан мурожаат этилган бўлсада, ҳокимият вакиллари аҳолига бошқача ёрдам кўрсата олмасликларини айтишмоқда. Ҳужжатларга кўра, тадбиркор Мирзо Улуғбек туманидаги Авайхон кўчасида якка тартибдаги турар жойларни қуриши лозим эди. Аммо номаълум сабабларга кўра, ушбу уйлар кўп қаватлига айланиб кетган. Бу билан тадбиркор бошқа туманларда қўллаган хийласини давом эттирган: аҳолида замонавий шароит ва барча қулайликларга эга, энг муҳими арзон нархдаги уй-жойга эга бўлиш истаги кучли бўлгани боис тадбиркорнинг уйларига  харидор бўлишган, фақат кўчиб ўтгандан сўнг бу уйлар яшашга яроқсиз эканлигини англашган. Гарчи улар фойдаланишнинг дастлабки вақтида шартномани бузиш ҳуқуқига эга бўлсаларда, ҳуқуқий саводхонликлари етарли даражада бўлмагани боис, ҳеч қандай чора кўришмаган ва ҳеч кимга мурожаат қилишмаган.

"Арзон деган номи бор, холос": ўзбекистонлик депутат Сергелидаги уйлар нархи борасида

Тошкент ҳокимлиги таъкидига кўра, тадбиркор кўп қаватли уйни қуриш учун Қурилиш вазирлигининг қурилишга масъул қўмитаси, давлат санитария назорати ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари, ҳудудий меъморий-шаҳарсозлик Кенгашига ўз лойиҳаларини тақдим этиб, улар маъқуллаганидан сўнггина қурилишни бошлаши лозим эди. Аммо у бу ташкилотларнинг ҳеч бири билан келишмаган ҳолда ўзбилармонларча лойиҳасини амалга оширишга киришган. Худди шунингдек, қурувчи ўз уйларини фойдаланишга топшираётганида ҳам масъул ташкилотларнинг бирортасидан қабул қилиш учун тегишли тартибда рухсат олмаган. Аслида ҳамма муаммонинг сабаби ана шунда.

Эътиборли жиҳати, тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев шу пайтгача  инвестор ва қурилиш ташаббускор сифатида аслида якка тартибдаги турар жойларни барпо қилган бўлса-да, уларнинг барчасини кўп қаватли уй сифатида сотувга қўйган. Бундаги яна бир аҳамиятли жиҳат, аҳоли уйларининг барча коммунал тўловларини тўлаш қатори, хонадонлари якка тартибдаги турар жой рўйхатга олингани боис ер солиғини ҳам тўлашади, гарчи кўп қаватли уйда ер солиғи тўланмаса ҳам.

Бугунгача ушбу тадбиркор томонидан шаҳарнинг фақат Мирзо Улуғбек туманида 700 дан ортиқ якка тартибда қурилган уй кўп қаватли турар жой сифатида аҳолига топширилган. Таҳлилларнинг кўрсатишича, қурувчи уйлари мутасадди бирорта ташкилотлардан тегишли рухсатларни олмаган ҳолда биноларнинг сифатини назоратдан ўтказмасдан аҳолига топширган. У қурилиш меъёрларини қўпол тарзда бузганидан ташқари, сифатсиз қурилиш маҳсулотларидан фойдаланганлигини тасдиқловчи манбалар ҳам кўп. Аҳолини эса бу турар жойларнинг арзонлиги жалб қилган холос, аммо шундай вазиятда одамлар текинга мушук офтобга чиқмаслигини, бепул пишлоқ фақат қопқонда бўлишини унутмасалар бўлгани.

Мазкур танқидий шу билан бирга кўпчилик аҳамиятига молик масала ечими учун ягона йўл, уни қонуний талаблари асосида кўриб чиқиш ва ҳал қилишдир. Тадбиркор ерни якка тартибда уйлар қуриш лойиҳаси асосида олгани боис қурилиш жараёни ва унда қандай материаллардан  фойдаланилаётганини ҳокимият назорат қилмаган. Қолаверса, тадбиркор фаолиятига ортиқча аралашув ҳам мақсадга мувофиқ эмас.

Ахборот уруши: Тошкент ҳокимлиги уй-қурувчилар "ҳужуми"га жавоб берди

Тадбиркор уй-жойлар қурилиши борасида том маънода ишбилармон эканлигини, бир неча жиҳатлар, хусусан якка тартибдаги уйлар ўрнига қўп қаватлиларини бунёд этиш, қурилиш маҳсулотларининг сифати пастини қўллаш, уларни иқтисод қилиб қолишда намоён этган. Муҳаммадбобур Хўжаевнинг уйлари бошқа қурилишлардан аввало пойдеворсиз эканлиги билан ажралиб турса, иккинчи жиҳатдан, хоналар оралиғи анаъанавий деворлар билан эмас, балки гипскартонлар билан бўлинган. Арзимаган ер силкинишини ҳам уй аҳли фожиадек қабул қилади. Сув таъминотию оқава сувлар масаласида ҳам муаммолар етарли. Ёғингарчилик мавсумида уйлар ниҳоятда заҳ бўлса, баҳор келганда биринчи қаватлардан ўт ўсиб чиқиши ҳолатлари кузатилган.

Аҳоли эса хусусий мулк эгаси сифатида ҳамма муаммоларни ўзи хал қилиб келмоқда.

Шундай қилиб, Хўжаев билан юзага келган тўқнашув умумий муаммога айланган. Тошкент ҳокимлиги бундан буёғига якка тартибда уй қуриш учун рухсат олиб, ўша жойларда кўп қаватли уйларни бунёд этаётган ва сотаётган шундай тадбиркорликка чек қўйиш муҳимлигини таъкидламоқда. Акс ҳолда бошқалар ҳам Муҳаммадбобур Хўжаевдан уй харид қилиб доғда қолганлар сафига қўшилишлари мумкин, деб таъкидланган хабарда.

Ҳозир бу масаланинг ечими юзасидан қонуний чоралар кўришга аризалар тақдим этилиши қатори соҳага тааллуқли қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ҳам таклифлар берилган. Бу эса аваало муғомбир тадбиркор фаолиятини тартибга солади, ундан азият чекканларга ёрдам бўлади. Ушбу ҳолатни бошқалар ибрат сифатида қабул қилиб, шундай масалаларда эътиборли бўлсалар, тадбиркорлик ниқоби остидаги фирибгарларнинг тузоғига илинишмайди.