Фақат махсус танловдан ўтган ёшлар ҳарбий хизматга чақирилади

Аскар бўлиш учун дастлаб турникда тортилиш, 100 метр ва 3000 метрга югуриш бўйича умумжисмоний тайёргарлик текширилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Ҳарбий хизматга кетувчилар махсус танловлардан ўтказилади, деб ёзмоқда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот телеграм канали.

Ўзбекистонда ҳарбий хизматга чақирув вақти ўзгариши кутилмоқда

2019 йилнинг 4 апрелида қабул қилинган 291-сонли укумат қарорига асосан Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур низом чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартибини белгилайди.

Танлов чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлигини баҳолаш, касбий танлов ва якка тартибда суҳбат шаклида туман ҳокими қарори билан тасдиқланадиган Танлов кенгаши томонидан амалга оширилади.

Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралигача ўтказилади.

Танловда иштирок этишда чақирилувчиларнинг сони чекланмайди.

Биринчи босқич

Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлигини баҳолаш қуйидаги нормативлар бўйича ўтказилади:

Ҳарбий хизматга чақирув баҳор ойларига кўчирилиши мумкин

- турникда тортилиш;
- 100 метрга югуриш;
- 3000 метрга югуриш.

Мазкур нормативларни топширмаган чақирилувчилар касбий танлов тадбирларига қўйилмайди.

Иккинчи босқич

Касбий танлов компютерда ишланадиган 60 та саволларга жавоб бериш орқали ташкил этилади.

Саволлар мактаб, коллеж ҳамда лицей дастурлари доирасида тузилади ҳамда саволларни ишлаш учун 1 соат 30 дақиқа вақт берилади.

Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга қабул қийинлашди

Савол-жавобларнинг якуний баҳоси мониторда автоматик кўринади ҳамда касбий танловни такроран топширишга рухсат берилмайди.

Учинчи босқич

Якка тартибдаги суҳбат видеокузатув камералари назоратида Ўзбекистон тарихи, Амир Темур тузуклари ва бошқа улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимларни аниқлаш орқали амалга оширилади.

Якка тартибдаги суҳбат якунида Танлов кенгаши чақирилувчини ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ёки муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун тавсия этиш ёки тавсия этмаслик бўйича қарор қабул қилади.