ТОШКЕНТ, 3 апр - Sputnik. Ўзбекистан 90 фоиз облигацияларини жойлаштиришдан тушган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига йўналтиради, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.
Таъкидланишича, ушбу сумма қарийб 900 миллион долларни ташкил этади.
Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг илк суверен халқаро облигацияларини жойлаштиришдан тушган маблағлардан самарали фойдаланиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
“889,2 млн. АҚШ доллари аукцион орқали тижорат банкларининг депозитларига жойлаштирилади”, - дейилади Адлия вазирлигининг расмий телеграм каналида.
Вазирликнинг маълум қилишича, 20 млн. доллар “Агробанк” АТБга қарз сифатида берилади. 89,9 млн. доллар эса “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига ссуда сифатида берилади.
Мазкур маблағлар мамлакат ва халқнинг фаровонлигини янада ошириш, стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади.
2019 йил февралда жаҳон молия бозорларида Ўзбекистоннинг 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 5 ва 10 йиллик суверен халқаро облигациялари жойлаштирилган эди.