Ўзбекистонда қўшинлар жанговар шайлиги яна тўсатдан текширилди

Бу галги текширувга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг барча ҳарбий бўлинмалари жалб этилди. Ўқув машқлари 26-29 март кунлари Қашқадарё вилоятидаги “Муборак” ва “Нуристон” полигонларида, шунингдек, ҳарбий округнинг бошқа ҳудудларида бўлиб ўтади.  
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 мар - Sputnik. 26 март куни эрталабдан мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғининг фармойишига кўра Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари юқори жанговар шайлик ҳолатларига келтирилди.

Мирзиёев нега қўққисдан ҳарбий тревога эълон қилди?

"Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини тўсатдан текшириш режасига асосан, Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан вазирлик бўлинмаларининг жанговар шайлик даражаси босқичма-босқич тарзда ўқув синовларидан ўтказилмоқда. Бу галги текширувга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг барча ҳарбий бўлинмалари жалб этилди. Ўқув машқлари жорий йилнинг 26-29 март кунлари Қашқадарё вилоятидаги "Муборак" ва "Нуристон" полигонларида, шунингдек, ҳарбий округнинг бошқа ҳудудларида бўлиб ўтади", - деб хабар қилди вазирлик матбуот-хизмати.  

Текширувларнинг асосий мақсади – бўлинмаларнинг жанговар шайлиги ва жипслигини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳарбий қисмлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг ўқув-жанговар вазифаларни бажара олишга тайёргарлигини назоратдан ўтказишдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг кўрсатмасига мувофиқ, 2018 йилнинг ноябрь ойида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги биринчи марта кенг кўламли тўсатдан текширувдан ўтказилган эди.