Ўзбекистондаги мансабдорлар кутилмаганда халқ ҳузурига кириб бордилар

Тошкентда ўтказилган раҳбарларнинг оммавий қабулида ҳоким, бош прокурор, адлия вазири ва ИИВ раҳбари 500га яқин фуқароларнинг дардини тинглаб, муаммоларини ҳал этишда ёрдам бердилар
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 мар - Sputnik. Тошкентда 25-март куни Ўзбекистон президенти халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган қабул давомида беш юзга яқин фуқаро шикоятларини тегишли орган раҳбарларига маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири. 

Шавкат Мирзиёев: раҳбарлар пастда юриши, халққа хизмат қилиши керак

Навбатдаги оммавий қабулда Президент давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор Отабек Муродов, Адлия вазири Руслан Давлетов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа мутасаддилар фуқароларни шахсан қабул қилди.

"Раҳбарларни халқ қабулига олиб келдик"

Мазкур тадбирнинг очилишида Ўзбекистон президенти Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов фуқаролар мурожаатлари – халқнинг дарду ташвиши экани ва биринчи галда ҳал этилиши шарт бўлган масалага эканига эътибор қаратди.

"Одамлар кўп ҳолларда идорама-идора юриб, ўзларини қийнаётган масалаларни ҳал қилолмай овора бўлмоқда. Шунинг учун барча энг зарур тизимларнинг раҳбарларни халқ ҳузурига олиб келдик. Бу имкониятдан унумли фойдаланинг", - деди Давлат маслаҳатчиси.

Раҳбарларнинг бевосита қабули кун бўйи давом этди.

Ўзбекистон Бош милиционеридан нималарни сўрашди?

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга ҳуқуқ-тартибот соҳасида ишлаб, турли сабаблар билан бўшаган собиқ ходимларнинг ишга тиклашни сўраб қилган мурожаатлари кўпчиликни ташкил этди.

Вазир ҳар бир мурожаатчини синчковлик билан эшитиш баробарида ички ишлар органларида касбига садоқатли, фидойи кадрлар хизмат қилиши зарурлигига урғу бериб ўтди.

Эгасиз мулклар ва пенсия масаласи

Адлия вазири қабулига келган ўнлаб кишилар ўз мурожаатларида уй-жой, иш билан таъминлаш, эгалик ҳуқуқи, пенсия каби масалалар бўйича муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам сўради.

Ўзбекистон пенсия ёшини оширмоқчи

Нотаруснинг масъулиятсизлиги, эгалик ҳуқуқини ололмаслик, ишга киришда амалий ёрдам сўралган масалаларни Адлия вазири Давлетов жойида ҳал этишга, одамларга амалий ёрдам бериш учун тегишли ходимларга шу ернинг ўзида зарур топшириқлар берди. Ҳужжатлардаги битта ҳарф мос келмаслиги оқибатида неча ойлардан бери сарсон юрган Насиба Зоҳидованинг иши ҳал бўлди, ҳисоб.

Хонадонини ўз дўстига сотиш ҳуқуқи асосида ишончнома орқали фойдланишга берган, оқибатда уйидан айрилган фуқаронинг дардини эшитиб, вазир ўйланиб қолди. Кўр-кўрона ўз ҳуқуқини ўзгага топширган, ўзини ўз ҳуқуқидан маҳрум қилиб надомат чекаётган кишининг ҳоли, албатта, жуда ачинарли. У  қанчалик афсусланмасин, юқори идора раҳбарларига шикоят қилмасин, бари бефойда. Чунки йўқотилган ҳуқуқни энди тиклаш имконсиз.

Шу каби бухоролик бир аёлнинг вафот этган ўғлидан қолган набираларини 14 йилки кўра олмаётганидан ёзғириб кўз ёш тўкиши ҳам ҳуқуқ меъёрларига тўғри келмайди. Ахир ҳуқуқлар ўз вақтида керакли идорага бориб талаб қилингандагина у сизнинг манфаатингизга мослашади. Лекин айримлар ҳамон каттароқ раҳбарнинг олдига бориб "Адолат йўқ, қани ҳақиқат?" деб деб тўполон кўтариб ишимни ҳал қиламан, деб ўйлаб қаттиқ адашмоқда.

Мирзиёевга “хат ёзган” уйсиз бола ким экани аниқланди

"Қабул давомида фуқароларнинг ҳуқуқий онги масаласида ҳали муаммолар борлигини яна бир карра ҳис қилдим. Авваллари ҳуқуқий маданиятга юксалтиришга қаратилган кўп иш қилинган. Аммо ҳуқуқий онг масаласи билан ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Бугун айрим одамлар қайси идора қандай иш билан шуғулланишини билмасдан эшикма-эшик, идорама-идора сарсон бўлаётгани ўша бесамар ишлар маҳсули, десак хато бўлмайди. Бугун ҳам ўнлаб кишиларни "сизнинг кўтариб келган масалангиз судга тааллуқли", деб уларни суд қабулига йўналтирдик. Айрим кишилар эса "Йўқ менинг ишимни сиз ҳал қилиб беришингиз керак", деб туриб олаётгани эса ҳеч ақлга сиғмайди. Мени қувонтиргани, қабулга келган айрим фуқаролар адлия тизими фаолияти билан боғлиқ камчиликларни рўй-рост айтиб, соҳани янада яхшилаш учун ўз таклифларини билдиргани бўлди. Биз буларни албатта инобатга оламиз. Халққа максимал қулайлик яратиш учун адлия тизими ходимларига энг қаттиқ чораларни кўриш зарур бўлса, албатта кўрамиз", - дейди Адлия вазири Русланбек Давлетов.

Бош прокурор: ўзбекистонликларнинг 90%и суддан норози

Бош прокурор қабулига кирган уйи олиб қўйилган, еридан маҳрум бўлиб қолган, корхонасидан айрилган, бизнесидан жудо бўлган ўнлаб кишилар ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўради. Буларнинг бари, албатта, алоҳида ўрганиш талаб қиладиган, текширув ўтказилиши шарт бўлган масалалар ҳисобланади. Шунинг учун барчаси назоратга олиниб, тегишли масъул шахсларга қонуний ҳал қилиш учун топширилди.

Бош прокурор оммавий қабулга шикоят кўтариб келган фуқароларнинг 90 фоизи суддан норозилигини, аммо шикоятчиларнинг ҳаммаси ҳам ҳақ эмаслигини таъкидлади.

Тошкент ҳокими ўз қатъиятини кўрсатди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қабулига кирган С.Ниёзова 2018 йил 5 январда уйи бузилгани, шундан бери бола-чақаси билан ҳар ерда сарсон бўлиб яшаётганини маълум қилди. Ҳолбуки, Қўшқўрғон кўчасида истиқомат қилган бу аёлга уйини бузишдан олдин шаҳар марказидан 2 та уй берилиши ваъда қилинган.

Ортиқхўжаев бу борада ким масъул бўлгани, нега ваъда бажарилмагани билан қизиқди. Мулозимлар ҳар хил баҳоналарни келтирди. Ҳоким эса бу масала бугун ҳал этилиши кераклигини айтди. Оиласи катта бўлган, оилали икки ўғли бўлган бу аёлга ҳозирча 2 хонали уй берилиши, сал кейинроқ қурилаётган уйлардан 3 хоналиси берилиши маълум қилинди.