Хоразмда аҳоли чорвасига зарар етказган ёввойи итлардан бири қопқонга тушди

"Ҳозирги вақтда аҳоли чорваларини ёввойи итлар ҳужумидан асраш чоралари, хусусан вилоят овчилари ва балиқчилари томонидан овлаш чоралари кўрилмоқда", - деб маълум қилинди Бош прокуратура матбуот хизматида.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Хоразмда аҳоли чорвасига зарар етказган ёввойи итлардан бири қопқонга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан Sputnik агентлигига тақдим этилган маълумотномада айтилган.

Хоразм вилоятига прокурор тайинланди

Маълумотномада қайд этилишича, Хоразм вилояти, Шовот туманининг Туркманистон Республикаси билан чегараси ҳудудига яқин жойда жойлашган, “Уста ҳунарманд” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг уй ҳайвонларига 2019 йил 7 март кунидан бошлаб ёввойи ит ҳужум қилиб келаётганлиги аниқланган.

Шовот туман ИИБ томонидан олиб борилган суриштирув давомида ушбу ёввойи ит 2019 йил март ойининг бошидан буён Туркманистон Республикаси чегарачилари томонидан чегарадаги бетараф ҳудудни қамишзорлардан тозалаш мақсадида ўт қўйилиши натижасида қамишзорлар орасида яшаб келган ёввойи итлар Шовот туман ҳудудига ўтиб фуқароларнинг қаровсиз қолдирилган уй ҳайвонларига ҳужум қилаётганлиги маълум бўлган.

Жумладан, жорий йил март ойи бошидан буён ёввойи итлар фуқаро Д.Курбановнинг бир бош эчкисига, фуқаро А.Каримовнинг бир бош қўйига, фуқаро М.Қурязовнинг бир бош қўйига ҳужум қилиб жароҳат етказиб нобуд қилган.

Фуқаро Р.Сабиров томонидан қўлбола усулда ясалган темир қопқон қўйилиши натижасида 2019 йил 16 март куни тунги вақтда ёввойи итлардан бири қопқонга тушиб ўлган. Қопқонга тушган ёввойи итнинг ранги қорамтир кулранг.

Фуқаро Р.Сабиров сўзларига кўра, ёввойи итни қопқонга туширган вақтида улар иккита бўлган ва оқ рангдаги ҳайвон қочиб кетган.

Ҳозирги вақтда туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Вилоят овчилари ва балиқчилари томонидан ёввойи итларни овлаш чоралари кўрилмоқда.