ТОШКЕНТ, 18 мар – Sputnik. Якутскда 17 март куни кечқурун маҳаллий аҳоли вакиллари мигрантларга қарши намойишга чиқди, деб хабар қилмоқда Yakutia.Info.
Хабарда айтилишига кўра, 17 март куни кечқурун Якутск шаҳри марказий майдонида 200 га яқин маҳаллий аҳоли норозилик намойишига чиққан. Митинг иштирокчилари ҳукуматдан мигрантларга қарши қонунчиликни кескинлаштиришни ва айбдорларни жазолашни талаб қилишган.
Маълум бўлишича, келиб чиқиши Марказий Осиё республикаларидан биридан бўлган фуқаро ўз танишлари ёрдамида ёқутистонлик аёлни ўғирлаб кетган ва зўрлаган. Шундан сўнг аёл киши полицияга ариза билан мурожаат қилган.
Айни дамда қонунбузар қўлга олинган ва кўрсатма бермоқда. Унга қарши Россия Жиноят кодексининг 127 моддасига асосан (одам ўғирлаш ва ноқонуний ушлаб туриш) жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу муносабат билан Ёқутистон Тергов органлари жиноятчилик - ҳеч қандай миллатга мансуб эмаслигини алоҳида таъкидламоқда. Бунинг далили сифатида улар статистик маълумотларни келтиришган: 2017 йилда Ёқутистонда жинсий сабабларга кўра жами 117 та жиноят содир этилган бўлса, шундан 6 таси - хорижий давлат фуқаролари томонидан амалга оширилган. 2018 йилда 296та ана шундай жиноят қайд этилган бўлса, ундан фақат 4таси - хорижий фуқаролар томонидан содир этилган.