ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Ёқутистон раҳбари Егор Борисов маҳаллий корхоналар раҳбарларига зарурат йўқ экан, мигрантларни ишга қабул қилмасликни тавсия қилди. Бу ҳақда Борисовнинг шахсий сайтида хабар қилинган.
"Ўз ҳамюртларимга, хўжалий субъектлари раҳбарларига мурожаат қиляпман, шунга зарурат йўқ экан, арзон ишчи кучи кетидан қувиб, чет элликларни ишга таклиф қилманг", — деган у.
Ёқутистон ҳукумати тез орада чет эл фуқароларини ишга қабул қилишни таъқиқловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жорий қилишни режалаштирган. "Мигрантлар — бизнинг халқларимиз тили, маданияти ва анъаналарини билмайдилар, оқибатда эса тушунмовчиликлар, амалдаги қонунчилик бузилиши ҳолатлари юзага келмоқда", — деб таъкидлаган Ёқутистон раҳбари.
Жорий йилнинг март ойида Борисов Ёқутистондаги таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт соҳасидаги, савдо, кўчмас мулк операциялари, балиқчилик ва сабзавот етиштириш билан шуғулланувчи корхоналарга ҳатто патенти бўлса ҳам, чет элликларни ишга ёллашни таъқиқловчи фармонга имзо чеккан эди.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Ўзбекистон ўртасида апрел ойи бошларида Ўзбекистон фуқароларини ташкиллашган тартибда ишга қабул қилиш ҳақидаги шартнома имзоланган эди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса Россия ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган шартнома ўзбекистонликларни ҳимоя қилишини таъкидлаган ҳолда, охирги вақтларда Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратилишига катта эътибор берилаётганини эслатиб ўтиб, бир кун келиб меҳнат мигрантлари ватанга қайтишига умид билдирган эди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.