Владивостокда Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси иш бошлади

Бу Ўзбекистоннинг Россиядаги бешинчи ва Узоқ Шарқдаги биринчи дипломатик ваколатхонаси бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 мар - Sputnik. Бугун, 1 март куни Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ўз фаолиятини бошлади, деб хабар қилди Приморск ўлкаси маъмурияти.

“Бош консулхона Верхнепортовая кўчаси, 46-уй манзилида жойлашган. Бу Ўзбекистоннинг Россиядаги бешинчи ва Узоқ Шарқдаги биринчи дипломатик ваколатхонаси. Рустам Исмоилов раҳбарлик қилаётган Бош консулхона Узоқ Шарқ федерал округи субъектлари ҳудудида Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари билан шуғулланади”, - дейилади хабарда.

Екатеринбургда Ўзбекистон янги консулхонаси очилди

Бош консулхонанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Россиядаги бош консули Меҳриддин Хайриддинов ҳамда Россия ТИВ Владивостокда вакил вазифасини бажарувчи Евгений Волосастов иштирок этишди. Очилиш маросимида тантанали равишда Ўзбекистон байроғи кўтарилди, сўнгра фахри меҳмонлар қизил тасмани қирқишди.

Шунингдек, жума куни Приморье ҳукумати ва Рустам Исмоилов ҳамкорлик, жумладан, савдо-сотиқ, туризм, транспорт режаларини муҳокама қилишди. Маъмурият маълумотларига қараганда, ҳозирда Приморьеда саккизта ўзбек муассалари савдо-сотиқ соҳасида фаолият юритади. 2018 йил якунига кўра Приморск ўлкаси ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланиш ҳажми 1,7 миллион долларни ташкил этди.

Исмоилов Ўзбекистонда мева ва сабзавот хўжалиги ва текстиль ишлаб чиқариш фаол ривожланаётганини, тадбиркорлар Приморьега ўз маҳсулотларини етказиб бериб, ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдиришаётганини маълум қилди.