ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Бугун Екатеринбургда Ўзбекистон Республикаси янги Бош консулхонаси очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
“Маросим маҳаллий вақт билан соат 10:30да бошланди. Унда Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов иштирок этди. Янги Бош консулхонада Ўзбекистон байроғи кўтарилди”, - дейилган хабарда.
Москвадаги Ўзбекистон элчихонасининг расмий вакили Sputnik мухбирига берган хабарига кўра, консулхонанинг расмий очилиш маросимига бағишланган тантанали қабул маросими кечги соат 19:00 да бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Россия ҳудудидаги консулхоналарининг асосий вазифаси - Россияда доимий ёки вақтинча яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир. Екатеринбургдаги янги Бош консулхона Урал федерал округига хизмат кўрсатади.
2018 йилнинг бошида, февраль ойида Санкт-Петербургда Ўзбекистон янги Бош консулхонаси ўз фаолиятини бошлаган эди.
Ўзбекистон туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси хабарига кўра, бугун Екатеринбургда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” намойиш лойиҳаси доираси бир қатор тадбирлар ҳам бўлиб ўтади. Бундан олдин шундай тадбирлар Новосибирскда бўлиб ўтган эди. Келажкда уларни Қозон ва Уфа шаҳарларида ҳам ўтказиш режалаштирилган.