Ногиронларга автобусга чиқишга ёрдам бермаган ҳайдовчилар жазоланди

Ногиронларга автобусга чиқиши учун ҳайдовчилар пандус ишламаслигини баҳона қилиб уни очмаган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 фев – Sputnik. Ногирон фуқарони автобусга чиқишига ёрдам бермаган автобус ҳайдовчилари жазоланди, деб хабар қилмоқда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ.

“Мазкур ҳолат “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти томонидан ўрганилди. Масъулиятсиз ҳайдовчилар 10 кунлик хўжалик ишларига ўтказилди”, -  дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг 20 февраль куни пойтахтнинг Шимолий вокзал бекатида ногиронлиги бўлган шахс “12-автобус саройи”га қарашли 62-йўналишдаги ҳамда“1-автобус саройи”га қарашли 13т-йўналишида қатновчи ўрта сиғимли “SAZ LE 60” русумли автобусга чиқмоқчи бўлган.

Тошшаҳартрансхизмат пойтахтлик ҳайдовчиларга "Кўза кунида синишини" эслатиб қўйди

Ҳайдовчилар эса пандус очилмаётганини баҳона қилиб, йўловчини олмаган. Бу эса норозиликни келтириб чиқарган.

Келгусида ушбу каби ҳолатга йўл қўймаслик мақсадида ҳайдовчилардан кафолат хатлари олинди. Уларга пандусни ишлатиш бўйича амалий семинарлар ташкил этилди.

Айтиш жойики, “Тошшаҳартрансхизмат” автобус ҳайдовчиларфаолияти ОАВларда тез-тез муҳокама қилиб турилади. Афсуски, кўп ҳолларда салбий ва танқидий мавзуларда.