Нима сабабдан уй шароитида тайёрланган тузламалар ўлимга олиб келиши мумкин: эксперт фикри

Россиялик катта илмий ходим, тиббиёт фанлари номзоди Наталья Денисова уй шароитида тайёрланган тузмалалардан заҳарланишдан сақланиш ва касалликнинг биринчи аломатлари юзага келганда нималар қилиш кераклигини ҳикоя қилиб берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 фев – Sputnik. Россия Озиқ-овқат, биотехнология ва хавфсизлик федерал илмий текшириш марказининг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Наталья Денисова уй шароитида тайёрланган тузмалалардан заҳарланишдан сақланиш ва касалликнинг биринчи аломатлари юзага келганда нималар қилиш кераклигини ҳикоя қилиб берди.

Ургутда тузлама маҳсулотларини истеъмол қилган 16 яшар ўсмир вафот этди

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда уй шароитида тайёрланган тузмала маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатлари мунтазам кузатилмоқда. Навбатдаги кўнгилсиз ҳодиса Самарқандда содир бўлди. 2019 йил 23 февраль куни вилоятнинг Ургут туманида яшовчи бутун бир оила уй шароитида тайёрланган помидор ва бодринг маҳсулотларидан тайёрланган салатни истеъмол қилиб, оилавий заҳарландилар. Оқибатда эса 16 яшар ўсмир касалхонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай вафот этди.

Россиялик эскперт Наталья Деносованинг сўзларига кўра, уй шароитида тайёрланган тузмала маҳсулотлари диққат билан тайёрлаш ва технологиянинг аниқ бажарилишини талаб этади.

“Бўлиши мумкин бўлган барча микроблар ва хавфли касалликларни қўзғатувчи бактерияларни ўлдириш мақсадида сабзавотларни синчиклаб ювиш ҳамда идиш-товоқни тозалаш лозим. Шунингдек, консервация ва сақлаш қоидаларига риоя қилиш муҳимдир. Иссиқ иқлимга эга Ўрта Осиё мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда консерва маҳсулотларини узоқ муддат давомида сақлаш учун мос шароитлар ҳамиша бўлавермайди. Ана шундай маҳсулотларни истеъмол қилиш ўта хавфли”, - дея таъкидлади мутахассис.

Жиззахда саккиз киши тузламадан заҳарланди

Россиялик мутахассис биринчи навбатда консерва маҳсулотларини истеъмол қилишдан аввал банка бутунлигига ва кўзга кўринарли нуқсонлардан холи эканлигини  – банка қопқоғи кўтарилиб ёки занглаб қолмаганлигини кўздан кечиришни тавсия қилади. Шунингдек, унинг ичида моғор, шубҳали пуфакчалар ва ёқимсиз ҳид йўқ эканлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Юқорида санаб ўтилган ҳолатлардан бири аниқланса, бу маҳсулотни истеъмолга яроқсиз маҳсулот сифатида дарҳол ахлат қутисига ташлаб юбориш керак.

“Бироқ ботулизмни келтириб чиқарувчи жуда хавфли бактериялар мавжуд. Амалда уларни консерва маҳсулотини очганда пайқашнинг имкони йўқ, чунки улар на ташқаридан қараганда, на таъмда намоён бўлади. Лекин сақлашда жараёнида бактериялар тўпланиб, ривожланишлари мумкин, истеъмол қилишда эса кўп ҳолларда ўлимга олиб келади”,  - дея огоҳлантирди илмий ходим.

Мутахассис заҳарланишнинг биринчи аломатлари пайдо бўлиши билан заҳарланган кишига кўпроқ сув ва абсорбент – масалан, активлаштирилган кўмир (кукун)ни қайт қилиши ва хавфли маҳсулотни организмдан чиқаришга кўмаклашиши учун беришни тавсия этади. Агар касалликнинг оғир аломатлари – кўриш ва гапириш қобилиятини йўқотиш, бош оғриғи ва бемадорлик кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Ўз вақтида кўрсатилган ёрдам инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.