Samsung билан ҳамкорликда Сирдарёда йирик корхона қурилади

"Ўзкимёсаноат" ва Samsung Сирдарё вилоятида умумий қиймати 600 миллион доллар бўлган минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи завод қуриши маълум бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти ва Жанубий Кореянинг Samsung Engineering компанияси Сирдарё вилоятида умумий қиймати 600 миллион доллар бўлган карбамид ва аммиак ишлаб чиқарувчи йирик корхона қуриши маълум бўлди.

Ўзбекистонда «Samsung» музлатгичлари ишлаб чиқарилади

Сешанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига бўлган ташрифи доирасида ушбу завод қурилиши мўлжалланаётган майдонни кўздан кечирди. Янгиер туманида жойлашган ушбу завод йилига 400 минг тонна аммиак ва 600 минг тонна карбамид ишлаб чиқаради.

Президент завод қурилиши учун жуда қулай жой танланганини, бу ерда табиий газ манбаи, электр ва сув таъминоти тармоқлари, автомобиль ва темир йўллар борлигини қайд этди.

“Сирдарёдагидек қулай инфратузилма ҳеч қаерда йўқ. Бундай имконият заводни қуриш ва барқарор ишлатишда қўл келади, инвесторларнинг қизиқишини оширади. Бу жуда рентабелли, истиқболли лойиҳа”, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Эслатиб ўтамиз, “Ўзкимёсаноат” келаси йилда Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries компанияси билан биргаликда “Навоиазот” корхонаси асосида яна бир йирик минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи корхона қуришни режалаштирган.