Миллий университет ва Техника университети ҳеч қаерга кўчирилмайди - ҳоким

Университетлар шаҳар ташқарисига кўчирилиши ҳақидаги хабарлар асоссиз бўлиб чиқди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 фев – Sputnik. Кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтнинг долзарб муаммоларига бағишланган “Бугун - қурилиш, эртга – тарих” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда ЎзА.

Миллий университет ҳудудида ободонлаштириш бошланди

Унда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўзга чиқиб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетларининг шаҳардан ташқарига кўчирилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотлар орқали хабар топганини, бу гап-сўзлар асоссиз эканини маълум қилди.

Бироз олдин оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳридаги иккита олий таълим муассасаси шаҳар ташқарисига кўчирилиши мумкин, деган хабарлар пайдо бўлган эди.

Мажлисда хабар берилишига кўра, ўтган йили Тошкент шаҳрида 3200 та бўш турган бино аниқланган. Бугунги кундан улардан 2 мингдан ортиғида мулк эгалари иш бошлаган. Шаҳарнинг аҳолиси зич яшаётган Шайхонтоҳур, Олмазор туманларида янги ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш учун жой масаласи энг долзарб масала ҳисобланади. Шунинг учун, Тошкент вилоятининг пойтахтга туташ қисмидан 40 гектар ер майдони технопаркларни барпо этиш мақсадида ажратилган.