ТОШКЕНТ, 31 янв – Sputnik. Ўзбекистон Миллий университети ҳамда талабалар шаҳарчаси ҳудудларида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланди, деб хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган, замонавий архитектурага мос пиёдалар йўлаклари, махсус велосипед йўллари, автомашиналар учун эса 400 ўринли автотураргоҳлар барпо этилмоқда.
5600 кв.метр автомобиль йўллари асфальт қилиниб, автомототранспортлар қатнови чегараланади, 11 минг кв.метрга яшил майсалар ётқизилади, 1,800 п/метр ирригация тармоқлари янгиланади.
Талабаларга янада қулайлик яратиш мақсадида, замонавий ўриндиқлар ўрнатилади. Университет раҳбарияти томонидан бино ҳудудидаги ҳимоя панжаралари олиб ташланди.
“Олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари сабаб вақтинчалик юзага келаётган ноқулайликлар учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги узр сўрайди. Ушбу қурилиш ишлари 15 кун муддатда якунланади”, - дейилган хабар сўнггида.